Ўзбекистонда дарахт кесилиши: муаммо ва орзулар

Ўзбекистондаги мавжуд экологик муаммолардан энг долзабларидан бири дарахтларнинг кесилиш муаммосидир.  2009 йил 15 ноябрда  республиканинг пойтахтининг қоқ юраги марказий хиёбон (сквер)даги юз йиллик чинораларнинг кесилишидан бошланган кампания афсуски мана 11 йилдан буён давом этмоқда. Тошкентнинг марказий хиёбони Х1Х асрда Чор Россиясининг генерал-губернатори М.Г.Черняев томонидан барпо этилиб, шаҳарликлар ичида “сквер” номи билан машҳур бўлган эди.

Аммо  ўша машъум 15-16 ноябрь кунлари чинорлар томири билан қўпориб ташланди. Бундай вахшийликка қарши турмоқчи бўлганлар ҳибсга олинди

Афсуски, Ўзбекистонда оммавий дарахт кесиш ҳолатлари ҳар йили қайд этилади. Норасмий манбаларга кўра, юз йиллик дарахтлар, айниқса чинорлар билан “кураш” Ўзбекистоннинг биринчи Президенти Ислом Каримовнинг буйруғига асосан амалга оширилган.  Қисқа муддатда Тошкент, Самарқанд, Наманганда яшил хиёбонлар йўқ қилиниб, минглаб дарахтлар кесилди, уларнинг ўрнига эса соя бермайдиган, маҳаллий шароитга  мос келмайдиган игнабаргли дарахтлар ўтқазила бошланди. Уларнинг ярми тутмай қуриб кетиши эса ҳануз, инобатга олингани йўқ.  2010 йили Тошкентда дарахтлар тунда кесила бошланди. Бир йил ичида Фарғонадаги азим чинорлар, Чирчиқдаги ҳиёбон чўлга айлантирилди.

2013 йили биргина Тошкентда 1 268 та дарахт кесишлар ҳақида хабар беришган. Жиззах, Қарши, Сурхондарё, Навоида дарахтлар оммавий равишда кесила бошланди.

2016 йили Тошкентнинг Чилонзор туманида бир кунда 200 та чинор кесиб, дарахтлари мебел усталарига пулланди.

2018 йилнинг январь ойида  Mening fikrim порталида   Ўзбекистонда дарахтларни кесишни тўхтатиш бўйича петиция эълон қилинди, уни 10 мингдан ортиқ имзолади.  Аммо шунга қарамай Самарқандда асрлик чинорларнинг кесилаётгани ҳақида хабарлар кела бошлади.

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 31 мартдаги «Табиатдан фойдаланиш соҳасида давлат хизматлари кўрсатишнинг айрим маъмурий регламентларини тасдиқлаш тўғрисида»ги №255-сонли қарори билан жисмоний ва юридик шахсларга давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталарни кесишга рухсатномалар бериш тартиби белгилаб берилган.

Жисмоний ва юридик шахслар томонидан рухсатномаларни олиш учун туман (шаҳар) ҳокимликлари ва Давлат экология қўмитаси органларига Давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали сўровнома билан мурожаат этилади. Бунда сўровнома кўриб чиқилгани учун БҲМнинг 30 фоизи миқдорида йиғим ундирилади.

2019 йили Ўзбекистон Ҳукумати мамлакат Экологик партияси ва жамоатчиликнинг давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталар қимматбаҳо навларининг кесилишига мораторий жорий этиш тўғрисидаги таклифини маъқуллади. Ушбу мораторий 1 ноябрдан кучга кирди. Президент Шавкат Мирзиёев 31 октябрь куни имзо чеккан «2030 йилгача бўлган даврда Ўзбекистон республикасининг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги фармонда Давлат экология қўмитаси, Ўзбекистон Экологик партияси ва жамоатчиликнинг давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталар қимматбаҳо навларининг кесилишига мораторий жорий этиш борасидаги таклифи маъқулланиши ҳақида сўз боради.

Фармонда мораторийнинг 2019 йил 1 ноябрдан 2020 йил 31 декабргача амал қилиши ва бу давр мобайнида ваколатли давлат органларига давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталар қимматбаҳо навларининг кесилишига рухсатнома бериш ман этилиши таъкидланади.

Бироқ, амалда ҳанузгача ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталарни ноқонуний кесиш ҳолатлари учраб турибди. Бундай қонунбузарликлар ўтган йилга нисбатан 27 фоизга кўпайганини қандай изоҳлаш мумкин?

Тизимли муаммолардан яна бири – жисмоний ва юридик шахслар томонидан берилган аризаларни кўриб чиқиш муддатларининг қўпол равишда бузилиши, шунингдек, аризаларни кўриб чиқишда асоссиз рад этилиш ҳолатлари ҳисобланади.

Бунинг натижасида, республикамизда 2019 йил давомида ваколатли орган вакиллари томонидан рухсатнома бериш жараёнида 367та қонунбузилишга йўл қўйилгани аниқланиб, соҳа вакилларига нисбатан Давлат хизматлари агентлиги ва унинг ҳудудий бошқармалари томонидан 19 та тақдимномалар киритилиб, давлат хизматлари кўрсатиш муддатларини бузган 26 нафар мансабдор шахсларга нисбатан маъмурий жавобгарлик чоралари қўлланилди.

2019 йил февраль ойида дарахт кесишга мораторий эълон қилинганига қарамасдан Тошкентнинг Яккасарой туманида 81 туп дарахтнинг кесиб ташлангани билан боғлиқ ҳодиса ижобий якун топди. Ташаббускор фуқаролар саъй-ҳаракатлари ва ОАВда кенг ёритилиши натижасида ҳодисага шаҳар ва мамлакат раҳбарияти диққат қаратди. Дарахтлар кесилган жойда тун бўйи ва якшанба куни катта миқдордаги техника ва ишчилар жалб қилинган ҳолда ҳудудни тозаланиб, янги кўчатлар экилди.

2019 йилнинг декабрь ойларида Тошкентнинг Мирзо Улуғбек туманида жойлашган “Гулшан” боғидаги 100 га яқин дарахтлар кесилиб, ўрнига тўртта тиббий клиникалар қурилиш ишлари бошланиб кетган.

2019йилнинг охири 2020 йилнинг баҳорида “Юксалиш“ умуммиллий ҳаракати ташаббуси билан республика миқёсида ўтказилаётган “Бир миллион дарахт” шиори остидаги акция ўтказилди. Аммо уларнинг нечтаси  кўкариб, нечтаси қуришини вақт кўрсатади. Чунки ҳар бир ниҳол парваришга муҳтождир. Юртимизда маҳаллий дарахт турларини экиш, аёвсизларча қирилган чинорларнинг ўрнини қайта тиклаш, аввало фарзандларимизни табаиатга меҳрли қилиб тайёрлаш, ҳар бир ўқувчи, ҳар бир талаба, ҳар бир оила  кўкламда дарахт экишда фаол қатнашишини таъминлаш орқали табиатга меҳрни тарбиялаш вақти аллақачон келди.

Наргис ҚОСИМОВА