Экомуаммо » Чиқиндилар ва уларни қайта ишлаш борасида...

Чиқиндилар ва уларни қайта ишлаш борасида...

Чиқиндилар ва уларни қайта ишлаш борасида...

1404 marta o'qildi

Ўзбекистон Республикасида экологик хавфсизликни таъминлаш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасида аниқ бир мақсадга қаратилган сиёсат олиб борилмоқда. Мустақиллик йилларида мамлакатимизда бу соҳанинг замонавий мустаҳкам норматив-ҳуқуқий базаси яратилди. Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатдан фойдаланиш соҳасидаги фаолиятни белгилаб берувчи 20 га яқин қонунлар ва 300 дан ортиқ норматив ҳужжатлар қабул қилинди.

Шунинг билан бир қаторда ҳозирда жамиятимизнинг ривожланиши билан боғлиқ бўлган, атроф-муҳитга ва аҳоли саломатлигига салбий таъсир этаётган экологик муаммолардан бири чиқиндилар масаласи бўлиб, бугунги кунда чиқиндилар атроф-муҳитни ифлослантириши натижасида табиатга, фуқаролар ҳаёти ва соғлиғига, шунингдек, жисмоний ва юридик шахсларнинг мулкларига хавф туғдирмоқда. Бундай шароитда, ҳосил бўлаётган чиқиндиларни тўплаш, сақлаш, ташиш, йўқ қилиш, кўмиб ташлаш, қайта ишлаш, утилизация қилиш, уларни турларга ажратиш, қайта ишлаш масаласи устувор вазифалардан бўлиб қолмоқда. Шу масалалар ҳақида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Мавжуда Раджабова билан суҳбатлашдик.

– Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик Палатаси экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси ҳамда экоҳаракат депутатлик гуруҳи аъзолари томонидан жойларда экология муаммолари назорат-таҳлил фаолияти тартибида ўрганилди, муаммолар аниқланди. Бугунги кунда ушбу муаммоларни ечишда энг муҳим омил бўлиб хизмат қилувчи восита - мавжуд ҳуқуқий асослардан тўла фойдаланиш, шунингдек, кун талабларидан келиб чиқиб, ривожланган мамлакатлар қонунчилиги ва илғор тажрибасини ўрганган ҳолда қонунчилигимизни янада такомиллаштириш талаб этилади.

– Тўғри айтасиз, муаммоларни ўрганишдан мақсад ҳам шу. Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда республикамизнинг қатор вилоятлари ва Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикасининг «Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги, «Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида»ги, «Чиқиндилар тўғрисида»ги, «Давлат санитария назорати тўғрисида»ги, «Экологик экспертиза тўғрисидаги» ва бошқа бир қатор Қонунлар ва қонун ости хужжатларнинг  ижро этилишини назорат-таҳлил фаолияти тартибида ўрганиш жараёнида кўпгина муаммолар аниқланди. Мамлакатимизда чиқиндиларни қайта ишлаш соҳасида амалга оширалаётган ишларни янада ривожлантириш лозим. Сўнгги йилларда республикамизда йилига ишлаб чиқариш ва истеъмол чиқиндиларининг ҳосил бўлиш миқдори 100 млн. тоннани ташкил этади. Унинг 35 млн. тоннаси маиший чиқиндилар бўлиб, улар шаҳар ва қишлоқ чиқиндихоналарида жойлаштирилмоқда. Ўз навбатида ўртача ҳар бир млн. маиший чиқинди билан 360 минг тонна озиқ-овқат чиқиндилари, 160 минг тонна қоғоз ва картон, 55 минг тоннага яқин текстиль, 45 минг тоннага яқин пластмасса ва бошқа қимматли компонентлар йўқотилади.

Шундан, утилизация қилинадиган чиқиндилар 2 фоизни ташкил этади, қолган қисми чиқиндихоналарда корхоналар ҳудудида ва унча кўп бўлмаган қисми қаттиқ маиший чиқиндилар полигонларида (чиқиндихоналарда) жойлаштирилади.

Шуни қайд этиш лозимки, ҳозирга қадар йирик шаҳар ва туманларда ихтисослаштирилган махсус чиқиндихоналар қурилиши ва жойлаштирилиши масалалари тўла ҳал этилмаган. Маиший чиқиндиларни турларга ажратиб йиғиш ва қайта ишлаш деярли ташкил қилинмаган.

– Ривожланган мамлакатларда қаттиқ маиший чиқиндиларга бўлган муносабат таҳлиллари шуни кўрсатадики, мазкур соҳада қаттиқ маиший чиқиндиларни кўмиш полигонларининг камайиш тенденцияси кузатилмоқда ва чиқиндиларнинг кўп қисми иккиламчи хом ашё сифатида қайта ишлаш саноати учун фойдаланилмоқда.

Демак, жаҳон тажрибаси кўрсатганидек, чиқиндиларни қайта ишлашни йўлга қўйиш орқали ишлаб чиқаришнинг янги тармоғини ривожлантириш, муаммони ҳал этишнинг энг муқобил йўлларидан бири ҳисобланади.

– Ҳа, бугунги кунда мамлакатимизда чиқиндиларни утилизация қиладиган ва қайта ишлайдиган корхоналар бармоқ билан санарли. Чунки, бу соҳани ривожлантириш учун ишлаб чиқаришга камчиқимли технологияларни олиб кириш, чиқиндиларни утилизация қиладиган ва қайта ишлайдиган корхоналарни ташкил этиш ва бу корхоналарни қўллаб-қувватлаш борасида олиб борилаётган ишлар талабга жавоб бермайди.

– Шунинг учун Ўзбекистон Республикасининг «Чиқиндилар тўғрисида»ги Қонунини такомиллаштириш устида иш олиб борилмоқда. Жумладан, чиқиндиларнинг юридик ва жисмоний шахслар мол-мулкига ҳам зарарли таъсирининг олдини олишни кўзда тутадиган қонун нормаси ва чиқиндиларни турларга ажратиш ҳамда айрим, яъни биологик ва тиббий чиқиндиларни йўқ қилиш тартибини қонуний белгилаш ҳам назарда тутилмоқда.

Чиқинди билан боғлиқ ишларни амалга ошириш объектлари - махсус жиҳозланган объектлар, чиқиндиларни жойлаштириш объектлари, чиқиндиларни сақлаш ҳамда кўмиб ташлаш учун махсус ажратилган ва жиҳозланган иншоотлар ёки иншоотлар мажмуи тўғрисидаги-тарифни белгилаш ҳам эътиборга олинаяпти.

Чиқиндиларни қайта ишлаш мақсади – чиқиндиларни нафақат экологик жиҳатдан бехатар сақлаш, ташиш, утилизация қилиш мақсадида уларнинг физик, кимёвий ёки биологик хусусиятларини ўзгартириш билан боғлиқ технологик операцияларни амалга ошириш, балки чиқиндиларнинг зарарли таъсирини чеклаш ёки зарарсизлантириш эканлиги ҳам қайд қилиб, бу тушунчага ҳам аниқлик киритиляпти.

– Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг чиқинди билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасидаги ваколатларини кенгайтириш масаласига ҳам эътибор бериляптими?

– Ҳозирги вақтда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимида тиббий ва биологик чиқиндиларни йўқ қилиш ва кўмиб ташлаш ишлари олиб борилсада, у қонуний мустаҳкамланмаган. Шунинг учун қонун Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан, тиббий ва биологик ҳамда юқумлилик хусусиятига эга хавфли чиқиндиларни йўқ қилиш ёки кўмиб ташлаш бўйича норматив ҳужжатлар ишлаб чиқиш ва белгиланган тартибда тасдиқлаш тўғрисидаги норма билан тўлдириляпти...

– Тиббий ва биологик чиқиндиларнинг ҳолати устидан мониторинг олиб бориш ҳам қонуний мустаҳкамланаётганлиги айни муддао бўлибди.

Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг маиший чиқинди билан боғлиқ ишларни амалга ошириш борасидаги масъулиятини ошириш ҳамда бу йўналишдаги фаолиятларни янада ривожлантириш соҳасидаги ваколатлари аниқ белгиланаяптими?

– Албатта, чиқинди билан боғлиқ ишларни амалга ошириш учун молиялаштириш манбаини белгилаш, маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларнинг ижросини таъминлаш, маиший чиқиндиларнинг ҳосил бўлиши, уларни тўплаш, турларга ажратиш, сақлаш, ташиш, кўмиб ташлаш, қайта ишлаш, утилизация ва реализация қилиш ҳолати бўйича мониторингни амалга ошириш ва уларни қайта ишлайдиган корхоналар ташкил этилишига кўмаклашиш борасидаги вазифалар билан кенгайтирилмоқда.

– «Саноатгеоконтехназорат» давлат инспекцияси ваколатларини кенгайтириш ҳам назарда тутиляпти. Шунингдек, ушбу соҳа билан шуғулланувчи корхоналарга имтиёзлар бериш борасида қандай ишлар амалга оширилмоқда?

– Албатта, чиқинди билан боғлиқ ишларни амалга оширувчи субьектларнинг ишини енгиллаштириш ва мазкур соҳанинг ривожланишига кенг имкониятлар яратиш мақсадида соҳадаги фаолият билан шуғулланаётган юридик ва жисмоний шахсларга солиқ, кредит ва бошқа имтиёзлар беришни назарда тутувчи, рағбатлантирувчи норма билан тўлдириш ҳам назарда тутиляпти.

– Чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга оширишда фуқаролар ва мансабдор шахсларнинг масуълиятини оширишни назарда тутувчи ҳуқуқий нормалар ҳам эътибор бериляптими?

– Албатта, «Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисида»ги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни лойиҳасини ишлаб чиқиш ишлари бошланган.

– Қонун лойиҳасини тайёрлаш жараёнида қайси хорижий давлатларнинг қонунлари ўрганилди?

– Россия Федерацияси, Беларусия каби давлатларнинг чиқиндилар билан боғлиқ муносабатларни тартибга солувчи қонунлари ўрганиб чиқилди. Бундан ташқари, илғор хорижий давлатлар – АҚШ, Германия, Япония, Жанубий Корея, Хитой ва бошқа мамлакатларнинг ушбу соҳадаги қонунчилиги ўрганилди ва ўрганилмоқда...

– Мазмунли суҳбатингиз учун раҳмат!

 Раъно ЗАРИПОВА,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист     

манба: http://soglom.uz

 

- - -


< Orqaga qaytish