Экомуаммо » МУҲОКАМАДА ЭКОЛОГИК ВАЗИЯТ

МУҲОКАМАДА ЭКОЛОГИК ВАЗИЯТ

МУҲОКАМАДА ЭКОЛОГИК ВАЗИЯТ

1287 marta o'qildi

Нукусда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 29 августдаги “2015-2018 йилларда Оролбўйи минтақасини тиклаш ва ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, Орол ҳалокатининг оқибатларини енгиллаштириш борасидаги чора-тадбирлар комплекс дастури тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш масаласига бағишланган тадбир ўтказилди, дея хабар беради Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги (ЎзА).

Сувдан нотўғри фойдаланиш оқибатида Орол денгизи сатҳи камайиб, суви қуриб чўлга айланган 5 миллион 500 минг гектар майдондан ҳар йили атмосферага 100 миллион тонна тузли чанг-тўзон кўтарилмоқда. Ҳаво ҳароратининг кескин кўтарилиши билан боғлиқ иқлим ўзгариши, сув ва ҳавонинг ифлосланиши ортиб бораётгани ташвишли ҳолдир. Шу боис бугун Орол денгизи масаласи минтақавий эмас, балки глобал экологик муаммо бўлиб, жаҳон ҳамжамиятини ҳам ташвишга солмоқда. Нукусда ўтказилган тадбирда шулар ҳақида сўз юритилган. 

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, Экологик ҳаракат фаоллари, Оролни қутқариш халқаро жамғармаси ижроия қўмитаси, Оролбўйи генофондини муҳофаза қилиш хайрия жамғармаси вакиллари, соҳага оид вазирлик ва идоралар мутахассислари, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этган тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси ўринбосари О.Ҳамроев, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси раиси Б.Алихонов ва бошқалар Президентимиз раҳнамолигида Оролни қутқариш ва бу ҳудудда экологик вазиятни барқарорлаштириш, трансчегаравий сув ресурсларидан фойдаланишни яхшилаш, Оролбўйида ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ҳал этишга йўналтирилган лойиҳаларнинг амалга оширилаётгани яхши самара бераётганини таъкидлашган. 

Қайд этилишича, 2011 йилда умумий майдони 68,7 минг гектарга тенг Қуйи Амударё давлат биосфера резервати ташкил этилди. Денгиз суви қуриб қолган ҳудудда тузли чанг-тўзонлар ҳавога кўтарилишининг олдини олиш мақсадида 310 минг гектар яшил қўрғон яратилди. Қорақалпоғистон Республикасида 1,7 минг километрлик сув тармоғи тортилиб, аҳолининг тоза ичимлик суви билан таъминланиш даражасини 4 марта оширишга эришилди. 

Ҳукуматимиз томонидан ишлаб чиқилган комплекс дастурга мувофиқ, минтақада сув ресурсларини оқилона бошқариш, тежаш ва суғоришда илғор технологияларни қўллаш, аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш, таълим, соғлиқни сақлаш, тиббий хизмат кўрсатиш сифатини ошириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, ҳавога кўтарилаётган тузли чанг-тўзонларнинг олдини олиш, биологик хилма-хилликни сақлашга доир долзарб вазифалар белгилаб олинди. 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорига кўра, 2015-2018 йилларда минтақада сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва бошқариш тизимини такомиллаштириш, аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтириш, генофонди ва саломатлиги муҳофазаси учун зарур иқтисодий омиллар ва механизмлар яратиш, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини асраш, экотизим ва биологик хилма-хилликни тиклаш бўйича 3,9 миллиард АҚШ долларига тенг лойиҳаларни амалга ошириш кўзда тутилмоқда. 

Манба: uza.uz

- - -


< Orqaga qaytish