Одам ва олам » ТОШТЕШАР-ХАБАРЧИ ҚУШ

ТОШТЕШАР-ХАБАРЧИ ҚУШ

ТОШТЕШАР-ХАБАРЧИ ҚУШ

495 marta o'qildi

Қизилиштон ўткир тумшуғини дарахт танасига бежизга урмаяпти. Ўйламанг у дарахтни уйғотмоқчи эмас, унга пустлоқ орасидаги қурт-қумурсқа керак.

  Каклик тумшуғини ҳарсангга тўқ-тўқ ураяпти, у тош емайди. Тумшуғи ўсиб, учи қайтиб қолса аҳволига вой...

  Йўлакка “тап” этиб тушиб ёрилган нақш олмани олақарға чўқилаяпти. У олманинг ширин мазаси билан иши йўқ, унга олма қурти керак.

Тоштешар –тоғ жонзотларининг митти хабарчиси. У баланд тош устига чиқиб олиб, ўткир тумшуғини тошга тираб:

-Чиқ, чиқ, чиқақол,-деб безовта сайраяпти. Демак шу яқин атрофда овчи-хав хатар юрибди.

  Сал нарида тулкими, товушқонми, какликми, каптарми ҳеч нарсадан бехабар тириклик ташвиши билан банд. Овчи дилида ов гашти. Тоштешар дилида жонзотлар жонининг қайғуси. Ахир нухатдай келадиган юракчаю игна кўзидай митти жовдироқ кўзлар билан бир умрга аждар кўзли милтиқларнинг оғзига тикилиб кун кўриш бечора жонворларгаям қийинда.

  Ўрмончиларнинг айтишига қараганда қалин ўрмондаям тоштешарга ўхшайдиган хабарчи қуш бўларкан. Милтиқ кўтариб, ит эргаштириб ўрмонга кирдингизми кўкимтир, жиблажибондай қуш овчига ҳамроҳ бўлиб, қадамингизни кузатиб, ўрмон ичкарисига кириб кетар, “қоч, қочавер”,-дея чирқиллаб шохдан-шохга қўнаверар экан.

  Тоштешар –тўши оппоқ, патлари кўм-кўк, қоши қоп-қора, тумшуғи узун қушча. Тошлар оралаб, қидириниб юрган овчи билан учакишиб “улжани” қочириб юборгани-юборган.

  Овчи истаганини тополмай хуноб. Тоштешар эса шод-хуррам. Баланд тош устига чиқиб, “барананини” чалиб сайрагани-сайраган.

  -Чиқ, чиқ, чиқа қол!...

Овчи бир тишлам гўшту бир чимдим пардан бир ангишвона қўрғошинни аяйди, албатта.

  Тоштешарнинг уяси ҳам қизиқ. У пишитилган лойга юнг, хас-хашак, қумтош аралаштириб бўй етмайдиган қоя бетига ёпиштириб тандир уя ясайди. Бу уяни узоқдан кўрган киши кўзачани тагидан тошга ёпиштириб қўйибдида, деб ўйлаши мумкин. Кўзача уянинг оғзи тор, ичи кеег. Унга йиртқич қушларнинг боши сиғмайди.

 У ана шу сирли кўзачадай уясига барча юртдошлари паррандаю даррандалар тунги ётоғига киргандан кейингина бош суқади.

  Жонсарак қушча бир чимдим уйқусида ҳам-чиқ, чиқ, чиқа қол,-деб босинқираб чиқса ажаб эмас.

Гоҳ тўрт оёқли, гоҳ икки оёқли йиртқичлар дастидан озорланиб қай кавакка бошини тиқса, икки оёғи ёки думи кўриниб қолапётган бегуноҳлар бахтига ишқилиб тоштешарлар боши омон бўлсинда.

 Ночорнинг бахтига ўз ақли қалқон бўлганида тоғлар бахтига тоштешарнинг яралганини кўриб, она табиатнинг буюклагини имон келтирмай иложимиз йўқ.

Ғози РАҲМОН

- - -


< Orqaga qaytish