Одам ва олам » ИЗЛАРИНГНИ ИЗЛАЙМАН ДЎСТИМ!

ИЗЛАРИНГНИ ИЗЛАЙМАН ДЎСТИМ!

ИЗЛАРИНГНИ ИЗЛАЙМАН ДЎСТИМ!

756 marta o'qildi

Ошиқона сатрларда бор. Кетсам, изларимга зор, бўласан. Бу балки тантиқ ёрдан аразлаб кетишининг энг дадил ва қатъий усулидир. Ҳозир гап бу ҳақда эмас. Чақиликалонннинг Лангартоғ тарафларидаги улкан қоятошлар бетида, ўзидан ҳам шохлари узун, тоғ такаларнинг, ҳатто шохдор кийикларнинг суратлари тошга ўйиб чизилган. Бу жуда қадимий қоятош суратлари чизилган пайтда шу яқин атрофда ўша тоғ такалари кийиклар кўп бўлганидан хабар беради. Аслини олганда бизнинг бу каби жонзотларнинг ўзи тугул ўзи ҳам қолмаганига икки – уч асрдан ошиб кетган. Қишлоғимизда ёши 90 дан ошиб кетган авлод вакилларига ёшлигида худди шу тоғда, онда-сонда бўлсаям йўлбарс учрашини ҳикоя қиларди. Ўшанда бу бизга афсона бўлиб туюларди. Наҳотки шу яқингинада, Шовуз сойининг ичида йўлбарс юрган бўлса?.. Турсунбой овчининг юрагига қойил, деб ажабланардик. Кейинчалик Турсунбой овчининг ўзидан эшитдик ва  “Йўлбарс овими ёки тасодиф” деган мақола ёздим. Ўқиганлар бўлса, билар. Ўшанда мен бўлган воқеани овчининг ўз оғзидан ёзиб олганман. Аслида эса бу тоғда қанча кўп юрган бўлсам ҳам йўлбарс деган махлуқнинг изи тугул тезагини ҳам кўрмаганман. Тоғнинг ҳар икки тарафи икки вилоятга тегишли. Чўққилар учига тушган ёмғир томчиси ёки қор парчаси икки тарафга қараб бўлиниб кетишига мажбур. Бундай мажбурият ҳайвонот дунёсига ҳам тегишли. Самарқанд бўриси Қашқадарёликнинг қўтонига ораласа ҳайрон бўлиш йўқ. Бизда йўлбарснинг изи бўлмаса улар тарафда ҳам, шу гап. Бироқ ҳар икки томонда ҳам катта-кичик илонларнинг қидирса, топилиши мумкинлиги ҳақида Жомлик Алишер морбоз етарли маълумот бера олади. (Ёлдор илонлар деярли йўқ).

Энди эса ўзим ёшлигимда (50-60 йиллар) кўриб кузатганларим ёввойи жонзотларни ўтган 50-60 йил ичида бутунлай йўқолиб кетганини айтмасам бўлмас. Невара-чевараларининг бу чўпчакларга ишонтириш қийин.

Бизда ёз пайти ёзлик боғда, қиш пайти қишлоққа кўчиб бориб яшаш одати ҳалиям бор. Ўшанда авжи кўкламда. Ғурқабулоқсойдаги бир парча токзор томорқамизга кўчиб келардик. Шоҳона кулбамиз бир уй, бир даҳлиздан иборат лой тому унинг атрофи пасту баланд супалардан иборат. Кўчиб борганимиздан икки-уч кун ўтиб, супа атрофларида жудаям рангдор уч-тўрт қулочдан зиёд чипор илонлар айланиб қоларди. Уларни кўриб, қўрқиб-нетиб кетсак, бувижонимиз юпатиб қўярди. Уларга тегмасангиз сизгаям тегмайди, ўзимизнинг хосиятли илон бу. Атир илон. Ўзидан хушбўй атир ҳиди тарқатади.

Ҳа, бувим айтганидай бу илонлар нақ мўжизанинг ўзи. Улар кўп ҳам хиралик қилмай, шоша-пиша боғ четигадаги кичкина ўтовдан хурпайган наматак тўдаси тагига кириб кетади. Изидан анча вақт ёввойи атиргул (боғгул) ҳиди анқиб туради.

Бу анвойи ҳидни илонлар хунук оғзи билан пуркаб кетгандай. Кейинчалик ҳам кўп ўйладим. Сўраб-суриштирдим. Наҳотки илон, деган жониворни яшаб қолиш учун икки томчи захри қотилдан ташқари, ўзига тортадиган хушбўй ҳид ҳам керак бўлса? Ёки тулкилар жуфтлашиши пайтида дум атрофида бўладиган атир бези ишлаб  тургани учун ёввойилар бир-бирини қидириб топгани каби вақтинча ҳодисамикан? Нима бўлсаям ўша атир илонларнинг бутунлай йўқ бўлиб кетганига қирқ йилдан ошиб кетди. Биргина бу эмас. Худди шу йиллар давомида ёшликда гувоҳ бўлганимиз ва кейинчалик изсиз йўқолган яна бир қатор ёввойлар рўйхтани давом эттириш мумкин. Биргина мисол: Ариқ ёқаларидаги қалин бутазорлар ичида қулоқлари тикрайган ҳаммаёғи ола-була мушукдан каттароқ, юмронқозиқ каби чўнқайиб ўтирадиган олагужонлар бўларди. Унга яқинлашиб кетсангиз ҳужум қилиши ҳам мумкин. Олагужон бир қарашда митти айиқчанинг ўзи. Ёки тропик ўрмонларда яшайдиган “ай-ай” деган ноёб жонивор ҳам биз ўша кўрган ологужоннинг худди ўзи. Балки иккиси ҳам битта жонивор бўлиб, номлари турличадир. Буни аниқлаш зукко олимларимизга ҳавола. Олагужонлар эса қайтиб келмайди. Худди шу каби узун-узун сиқларини  шалдиратиб юрадиган зарур бўлса, улардан бир иккитасини отиб юборадиган олабаррон жайралар, сутга тўйиб катта бўлаётган итнинг боласидай семиз ва дуркун бўйни оқ қашқолдоқлар (бўрсиқ). Фақат тош орасида бўладиган оқтомоқ қоп-қора ялтироқ мўйнали тоғ сувсари, ҳар қайси ғулу-ғулу товуқдай келадиган ҳилол какликлар, кулварларни сўйлоқ тиши билан шудгор қилиб, илдиз териб ейдиган, балчиққа ағанаб ётадиган, салгина шовур сезса, қурқ-қурқ деб чопадиган тўнғизлар  ўзларининг севимли маконини танлаб, баланд тоғларга, қўриқхона тарафларга кетиб қолиши ғоят ачинарли.

                                  НЕГА, НИМА УЧУН?

Энг биринчи асосли сабаб шуки, ўша ноёб хилқатнинг яшаб кетиши, униб-ўсиши, кўпайиши учун тегишли шарт-шароитнинг етишмаслиги ёки умуман йўқлигидир. Тоғнинг ҳар икки номи оёқ ости қилиниб, қўй-эчки, қорамолларнинг яйловига айлантиришгани алоҳида таъкидлаш лозим. Бундан ташқари, тоғ этакларидаги деярли барча серсув булоқлар ўзбошимчалик билан шланг қувурларга солиниб ҳатто 3-4 км.лаб пастга ҳовли жойларга олиб келиниши оқибатида ёввойи ҳайвонлар, ҳатто қушлар ўз сувлоғидан ажралиб, узоқ-узоқларга сув қидириб кетаётганини кўриш мумкин. Бу номақбул ишни қилиб улгурган кимсалар, ўзини қанча оқламасин, табиат қонунларига хилоф. Сувсизликдан озор чекаётганлар қарғамайди деб ким кафолот беради.

Хайриятки кейинги йилларда биз қаламга олган тоғларнинг юқори қисми Давлат ўрмон хўжаликларига олиниб муҳофаза зонасига киритилди.

Бу яхши жудаям яхши. Бироқ, ўрмончилар маҳаллий чорвадорлар билан муроса қилишни бас қилмаса, чашмалар кўзи очилмаса, тиканли бодомгуллар аёвсиз кесилиши давом этса, аҳвол ўнгланмаслиги ўз-ўзидан аён. Бу тотли дунёда хатто ҳокисор чумолининг ҳам яшаб қолишига ҳаққи бор.

Ғози Раҳмон.                         

- - -


< Orqaga qaytish