Экомуаммо » «Электрон чиқиндиларнинг утилизацияси» мавзусида пресс-конференция ва медиа-тур ўтказилди

«Электрон чиқиндиларнинг утилизацияси» мавзусида пресс-конференция ва медиа-тур ўтказилди

«Электрон чиқиндиларнинг утилизацияси» мавзусида пресс-конференция ва медиа-тур ўтказилди

434 marta o'qildi

Жорий йилнинг 20 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан«Электрон чиқиндиларнинг утилизацияси» мавзусида пресс-конференция ва медиа-тур ўтказилди.

Унда, Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси масъуллари, «Тошрангметзавод» Акциядорлик жамияти ходимлари, экспертлар, соҳа мутахассислари, олимлар ва ОАВ вакиллари иштирок этдилар.

Тадбирдан кўзланган асосий мақсад – тадбир иштирокчиларига Ўзбекистон Республикаси табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан атроф-муҳит муҳофазаси борасида олиб борилаётган амалий ишлар, мазкур соҳадаги мавжуд муаммолар ва уларнинг ечими ҳақида атрофлича маълумот беришдан иборат.

Йиғилишда таъкидландики, ҳозирги кунда ҳажми тез суръатлар билан кўпайиб бораётган чиқиндиларни тўғри бошқариш орқали атроф-муҳитни муҳофаза қилиш энг долзарб муаммоларидан бири ҳисобланади. Бунда, айниқса яроқлилик муддати ўтган маиший ва электрон техникада мавжуд рангли металл чиқиндиларининг утилизацияси алоҳида аҳамиятга эга.

Бугун электрон чиқиндилар, аллақачонлар инсоният олдида турган янги экологик муаммога айланиб улгурди. Эски, яроқсиз ҳолатга келган мобиль алоқа воситалари, рақамли фотоаппаратлар, компьютер, принтер, сканер, турли хил электрон ускуналар ўз ўрнини янги, замонавийларига бўшатиб бермоқда...

БМТ мутахассислари олиб борган тадқиқотларга кўра, ҳар йили ер юзида 2 миллион тоннага яқин электрон чиқинди пайдо бўлади. Афсуски, бу чиқиндиларнинг фақат олтидан бир қисми қайта ишланади, холос.

Таъкидландики, ҳозирда жаҳонда маиший хизмат буюмларининг атиги 16 фоизи қайта ишлашга юборилмоқда. Ваҳоланки, бугунги кунда тоғ-тоғ бўлиб уюлиб ётган чиқиндилар таркибида катта миқдорда олтин, кумуш ва мис бор. Бундан ташқари, ташлаб юборилган ускуналарда тахминан 4,5 минг тонна озон қатламига салбий таъсир кўрсатувчи ўта хавфли кимёвий моддалар ёки 2,2 миллион тонна қўрғошин ойнаси мавжуд.

Гарчи ўз муддатини ўтаган техника воситаси барча қаттиқ маиший чиқиндиларнинг тахминан 5 фоизини ўз ичига олса-да, мазкур чиқинди тури атроф-муҳит муҳофазаси ва инсон саломатлигига ғоятда салбий таъсир кўрсатади. Мисол учун, биргина мобиль алоқа воситаси 500 тадан 1000 тагача турли қисмлардан ташкил топган. Уларнинг кўпчилиги заҳарли оғир металлар – қўрғошин, симоб, кадмий, бериллий каби хавфли кимёвий моддаларни ўз ичига олади.

Бироқ, барча айбни мобиль алоқа воситаларига ағдариш ҳам тўғри эмас. Тадқиқотчиларнинг фикрича, электрон чиқиндиларнинг 60 фоизини маиший техника қурилмалари: 18,8 миллион тонна музлаткич, кир ювиш машиналари; 12,8 миллион тонна микротўлқинли печлар, тостерлар электрон чиқиндиларнинг янги-янги тоғларини бунёд этмоқда. Мутахассислар бундай чиқиндилар миқдори кўпайиб бораётганини электрон ускуналар ишлаб чиқариш соҳасининг жадал ривожланаётгани, истеъмолчилар ўз телефон ва смартфонларини тез-тез алмаштираётгани, эскиларини эса ташлаб юбораётгани билан боғлашмоқда.

Аҳоли жон бошига энг кўп чиқинди ташланадиган мамлакатлар рейтингида эса Норвегия пешқадамлик қилмоқда. Мамлакатда ҳар бир фуқарога ўртача 28 килограмм йиллик электрон чиқинди тўғри келади. Рўйхатдаги кейинги ўринларда Швейцария, Исландия ва Дания туради.

Мамлакатимизда ҳам чиқиндилар тўпланиши муаммоси мавжуд бўлиб, уларни қайта ишлаш билан саноқли корхоналар шуғулланади, холос. Ана шу мақсадда “Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ва “Тошрангметзавод” акциядорлик жамиятининг Ўзбекистон Республикасида аҳолининг экологик фаоллигини ошириш, қаттиқ маъиший ва электрон чиқиндиларни утилизация қилишга йўналтирилган атроф-муҳит муҳофазаси бўйича қўшимча чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича 2016-2020 йилларга мўлжалланган қўшма тадбирлар Дастури” ишлаб чиқилди.

ХИИ АЖ «Тошрангметзавод» рангли металларни йиғиш ва қайта ишлаш соҳасида ихтисослашган ягона корхона бўлиб, унда замонавий асбоб-ускуналар, энг янги илғор технологиялар ва юқори малакали ходимлар фаолият кўрсатиб келмоқда. Завод рангли металл парчалари ва чиқиндиларини йиғиш, рангли металларга бирламчи ишлов бериш, ишдан чиққан қўрғошинли аккумуляторларни тўплаш ва уларни қайта ишлаш билан шуғулланади.

Тадбирнинг иккинчи қисмида ХИИ АЖ «Тошрангметзавод»га медиа-тур уюштирилди. Йиғилиш иштирокчилари рангли метал парчаларини қайта ишловчи экологик технологиялар ўрнатилган ишлаб чиқариш цехларини айланишди.

Корхона мутахассисларининг таъкидлашларича, аҳоли, корхоналар, турли ташкилотлардан хомашёни йиғиб олиш ва қайта ишлаш технологиялар тизимини йўлга қўйиш лозим. Юртимизда электрон ускуна ва маиший техникалардан фойдаланиш суръатининг ўсиб бориши, электрон чиқиндиларнинг тўпланишига сабаб бўлмоқда. Бундай чиқиндиларнинг кичик бир улушигина қайта ишланади, холос, қолган қисми ахлатхона, чиқинди полигонларига ташлаб юборилади. Шунинг учун юртимизда экологик вазиятни барқарорлаштиришга ўз ҳиссасини қўшишни истаган ҳар бир фуқаро, эски, яроқсиз техника маҳсулотларини махсус пунктларга топшириши айни муддао.

Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси мутахассисларининг фикрича, экологик муаммо саналмиш электрон чиқиндилар утилизациясини ҳал этиш учун чиқиндиларни қайта ишлашни такомиллаштириш мақсадида қонунчилик асосларини яратиш, масалан, чиқиндилар утилизацияси билан шуғулланувчи корхоналарга рағбатлантирувчи имтиёзллар яратиш, соҳага оид қонунчилик актларини ишлаб чиқиш ва амалиётга татбиқ этиш, аҳолидан чиқиндиларни йиғиб олишда корхоналар масъулиятини янада ошириш мақсадга мувофиқ ҳисобланади. 

Тадбир сўнггида соҳа мутахассислари иштирокчилар ва ОАВ вакилларининг барча саволларига атрофлича жавоб бердилар.

 

 

Ўзбекистон Республикаси

табиатни муҳофаза қилиш

давлат қўмитаси

Ахборот хизмати

- - -


< Orqaga qaytish