Экотаълим » ЗИЛЗИЛА ПАЙТИ ҚАНДАЙ ҲАРАКАТЛАНИШ КЕРАК? ёхуд Сейсмология маркази фаолияти хусусида

ЗИЛЗИЛА ПАЙТИ ҚАНДАЙ ҲАРАКАТЛАНИШ КЕРАК? ёхуд Сейсмология маркази фаолияти хусусида

ЗИЛЗИЛА ПАЙТИ ҚАНДАЙ ҲАРАКАТЛАНИШ КЕРАК? ёхуд Сейсмология маркази фаолияти хусусида

362 marta o'qildi

Ер қаттиқ силкинди, орадан сониялар ўтган бўлсда, худди йиллар ўтгандек туюлди. Чунки ер қаъридан гумбирлаган садо келар, одамларнинг даҳшатдан қичқириқлари, қулаётган уйларнинг қасирлаши, итларнинг акиллаб, увиллаши одамни даҳшатга солар, тунги кўйлакда кўчга югириб чиққанимча ҳануз нима бўлаётганинини англамай, қаерга қочишни билмас, ҳовлида ўсган қалин қайрағочга ёпишганча қўрқувдан дағ-дағ титрар эдим...

1966 йил 26 апрель куни соат 5 дан 22 дақиқа 53 сония ўтганда Тошкентда  8 балли, магнитудаси 5,3 га тенг зилзиланинг гувоҳи бўлган З.Саидованинг ҳикоясининг бир парчасигина унинг даҳшатини ҳис қилишга ёрдам беради. Ер  атиги 8 сония  қимирлаган бўлсада, юртимиз пойтахтини деярли ер билан яксон қилди. Инсоният тарихида бундай вайронакор зилзилаларни юзлаб санаб ўтиш мумкин. Масалан, 1202 йилда Сурияда содир бўлган 7,5 баллик зилзила оқибатида  бир миллиондан кўпроқ,  1556 йили Хитойдаги ер силкинишида 830 мингга яқин киши, Ямайканинг Порт-Рояль шаҳрида содир бўлган зилзила оқибатида 2 мингдан ортиқ одам халок бўлган. Инсонлар ҳаётига зомин бўлиб, улкан вайронагарчиликлар олиб келган ер силкинишларидан Катта Сицилия зилзиласи (1693 йил) 100 минг инсонларнинг,  1707, 1896, 1923, 1995  йиллардаги Японидаги зилзилалар 1,5 миллиондан ортиқ одамларнинг, 1897 йилдаги  Ҳиндистондаги Ассам зилзиласи номини олган табиий офат  1,5 минг инсоннинг, 1948 йилдаги Ашхабоддаги зилзила 35 минг нафар кишининг, 1960 йилдаги Чили зилзиласи 10 минг, 1988 йилдаги Арманистоннинг Спитак шаҳридаги ер қимирлаши 25 минг, 2008 йилдаги Хитойнинг Сичуань провинциясидаги ер силкиниши 69197 нафар кишини ҳаётига зомин бўлиб, 18 минг одам  изсиз йўқолган. 2011 Япониянинг Хонсю оролмдаги 9 баллик ер қимирлаши  оқибатида 15 минг нафар инсон ўлган, 2500 нафари бедарак йўқолиб, 6 минг киши жароҳатланган. Бугунги кун  юртимизда зилзилаларнинг келиб чиқиш сабабларини ўрганиш, аҳолини  табиий офат пайти тўғри ҳаракатланишдан хабардор қилиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академиясининг А. Г. Мавлонов номидаги Сейсмология илмий-тадқиқот институти, шунингдек Фуқароларни муҳофаза қилиш институти қошидаги Зилзила симуляция маркази фаолият олиб бормоқда.

- Марказимиз 2011  йилда мажмуа шаклида ташкил этилган бўлиб, музей, симулция хонаси, тиббиёт пунктдан иборат. Ҳар йили жадвал асосида барча ташкилот, корхоналар, шунингдек ўқув муассасаларнинг раҳбарлари қайта тайёргарликдан ўтиб, билимларини оширишади, дейди марказ директори Фарҳод Хонов.

Музейда қадимда инсонларнинг зилзила ҳақидаги илк тасаввурлари акс этган изоҳли суратлар, илк сейсмографик ускуналар, улуғ бобокалонларимиз Абу Али ибн Сино, Абу Али Беруний, Захириддин Муҳаммад Бобурларнинг изланишлари акс этган суратларни, зилзила орқибатлари акс этган макетларни кўриш мумкин.

-Қадимда зилзила содир бўлишини турли халқлар турлича талқин қилишган. Бирмаликлар Ер шарини бир туда илон ушлаб туриб, улар қимирласа ер ҳам қимирлайди деб ўйлашса, юнонликлар сайёрамизни учта буқа, японияликлар эса лаққа балиқлар Ернинг тираб туришади деб ўйлашган, дейди Фарход Хонов, музейдаги экпонатлар билан таништирар экан.- Табиий офатдан сақланиш учун ҳиндулар хаттоки ўз қабиладошларини, юнонлар қудратли Атлас ерни ташлаб юбормаслиги учун чиройли қизларни қурбонликка келтиришган. Ибн Сино ўзининг “Китоб –аш шифо” асарида зилзиланинг турлича қайтарилиш даврийлигига эга ҳудудларни санаб чиқиб, Ой ва Қуёшнинг Ер силкинишига таъсирини ўрганган, Беруний  Ойнинг оғирлиги Ерга яқинлашганда унинг тортиш кучи зилзила келиб чиқишига сабаб  бўлиши мумкинлигини айтган. Бугунги кунда Ўзбекистоннинг 52%  ҳудуди 7  ва ундан юқори баллик зилзилага дучор бўлишимумкин. Сейсмик жиҳатдан хавфли ҳудудларда 330 дан ортиқ аҳоли пунктлари, шу жумладан 120та шаҳар бор. Юртимизда  7,5 баллгача зилзилалар содир бўлиш хавфи мавжуд. Бугунги кунда мазкур муаммонинг олдини олиш мақсадида қатор ишлар амалга оширилмоқда. Шулардан бири зилзила сабабларини аниқлаш, уни башорат қилиш, аҳолини бу борадаги хабардорлигини ошириш ва  ҳоказо.

Музейда турли хил кўринишлардаги, аммо моҳияти бир бўлган асбоблар эътиборимизни тортди. Фарход Хоновнинг айтишича булар сейсмографлар экан. Биринчи сейсмоскоп, яъни зилзила эпицентрини марказини кўрсатувчи қурилма хитойлик   Чжан Хэн томонидан  132 йили ясалган эди. Кейинчалик фан –техниканинг ривожи кичик частотали ер қимирлашларни ҳам қайд қиладиган асбобларни ясаш имконини берди.

Зилзила интенсивлигини ўлчаш учун  магнитуда шкаласи (Рихтер шкаласи) қўлланилади. Унинг бир нечта тури мавжуд:

  • локал магнитуда (Ml);
  • тўлқинлар кучини аниқлайдиган магнитуда (Ms);
  • ҳажмли тўлқинларни аниқлайдиган магнитуда (Mb);
  • сонияли  магнитуда (Mw).

Рихтер шкаласи 1935 йили америкалик  сейсмолог Чарльзом Рихтер (1900‑1985) томонидан таклиф этилган бўлиб, назарий жиҳатдан америкалик сейсмолог Бено Гутенберг билан ҳамкорликда 1941‑1945  йилларда асослаб берилган эди.  Зилзила магнитудаси, бу зилзиланинг турли тўлқинларининг максимал амплитудасига пропарционал бўлган логарифм муносабатларни ўлчайдиган катталикдир. MSK-64 шкаласи эса зилзиланинг кучини ўлчайдиган балли шкаладир. У  1964 йили Медведев, Шпонхойер, Карник томонидан ишлаб чиқилган.   Унга кўра  Ернинг силкинишлари 12 баллгача бўлган кучланишга ажратилган. 1дан 5 баллгача бўлгани  деярли талофат етказмайдиган, 5 дан 8 гача ўртача талофат етказадиган, 8 дан 10 гача кучли, 10дан 12 гача вайронакор кучга эга бўлган силкинишлардир.

Марказнинг экспозиция залида эса биноларни қуришда эътиборга олинган ҳолатлар кўрсатилган

-Зилзилани олдиндан башорат қилиш усули ўзбек олими Абдуллаев томонидан ишлаб чиқилиб, айни пайтда бутун дунёда қўлланилиб келинмоқда, дейди Институтнинг катта ўқитувчиси Лилия Галимова. -Биламизки, қишлоқлардаги аксарият уйлар хом ғиштдан, пахсадан, синчдан, пишиқ ғиштдан қурилади. Албатта сейсмологик жиҳатдан хавфли ҳудудларда уйларни  пишиқ ғиштдан қриш мақсадга мувофиқдир. Аксарият ҳолатларда  кўпгина зилзилалар аҳоли пунктларни вайрон қилибгина қолмасдан иккиламчи оқибатларни келтириб чиқаради. Масалан, 1984 йилда Ҳисорда бўлиб ўтган зилзила  ер кўчишини,  1906 йилда Сан- Францискодаги ер қимирлаш цунамини, Тожикистондаги  2011 йилдаги ер қимирлаш Сарез кўлининг пайдо бўлишига олиб келди. Ўша йили Фукусимидаги зилзила радиациянинг тарқалишига сабаб бўлган. Кўп ҳолатларда биноларнинг нотўғри эксплуатацияси ҳам уларнинг зилзила оқибатида вайрон бўлишига олиб келади.  Уйлардаги хоналарнинг деворларини олиб ташлаб кенгайтириш, балконлардаги тиргакларнинг бузиб, арка қилиниши ана шундай салбий оқибатларга олиб келиши мумкин.

Симуляция хонасида эса барча қизиқувчилар яшаш хонаси сифатида жиҳозланган махсус хонага киритилиб, компьютер ёрдамида 7-9 баллик зилзила юзага келтирилади ва тўғри ҳаракатланиш қоидалари тушинтирилади.  Мутахассисларнинг фикрига кўра, зилзила содир бўлганда иложи борича хонадаги юмшоқ буюмлар (ёстиқ, кўрпа)ни олиб, хонанинг ички бурчакларига улар билан бошни беркитган холда чўккалаб туриш,  устингизга қулаб кетиши мумкин бўлган шкафлардан қочиш, столнинг тагига кириб  оёқ-қўлларни йиғиштирган ҳолда ётиш, девор кесакасига туриш, ҳовлида бўлса  ташқарига, хавфсиз жога қочиб чиқиш зарур. Асло кўп қаватли уйларда зиналар, лифтларга чиқмаслик, дераза олдига бормаслик, хонадаги чироқни иложи борича   ер силкина бошланиши билан ўчириш лозим.

 

Наргис  ҚОСИМОВА

- - -


< Orqaga qaytish