Барқарор тараққиёт » МУҚОБИЛ ЭНЕРГИЯ – КЕЛАЖАК АСОСИ

МУҚОБИЛ ЭНЕРГИЯ – КЕЛАЖАК АСОСИ

МУҚОБИЛ ЭНЕРГИЯ – КЕЛАЖАК АСОСИ

59 marta o'qildi

  Сўнгги йилларда бутун дунёда ресурсларни айниқса, энергияни тежаш долзарб масалага айланиб бормоқда. Бу энергия истеъмоли ишлаб чиқаришдан кўра жадал суръатларда олиб бораётгани билан бевосита боғлиқдир. Шунга мувофиқ энергия тежаш борасида юқори технологияли услублар, илғор илм-фан ютуқларига асосланган инновацион ва илмталаб технологияларни жорий этиш алоҳида аҳамият касб этади.   

  Бугун Ўзбекистонда муқобил энергия манбаларини ривожлантириш масаласи самарали ҳал этилмоқда ва бу йўналишда салмоқли натижаларга эришилаётир. Мамлакатимиз бу борада улкан салоҳиятга эга. Негаки, юртимизда йилнинг 270 куни қуёшли бўлади ҳамда бу энергия ишлаб чиқариш учун яхшигина имкониятдир.

  Ўзбекистонда ишлаб чиқариладиган электр энергиясига эндиликда  35,8 % ни саноат, 9 % ни транспорт, 6% ни қишлоқ хўжалиги, 37,8% ни аҳоли ва 14,8% ни коммунал хўжалик истеъмол қилади ва келгусида ёқилғи-энергия ресурсларига бўлган талаб янада ортиб бораверади.

  Жаҳондаги иқтисодий ривожланиш боис 2030 йилга бориб электр энергиясига бўлган талаб аср бошидагига нисбатан 5% га ошади ва бу борадаги эҳтиёж 23,27 миллиард тонна шартли ёқилғини ташкил қилади.

  -2017 йил 2 майда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2017-2021 йилларда гидроэнергетикани янада ривожлантириш чора-тадбирлари Дастури тўғрисида”ги ПҚ-2947-сонли Қарори қабул қилинди,-дейди Қарши давлат университети физика-математика факультети касбий таълим кафедраси мудири, доцент Афтондил Вардияшвили. -Ушбу қарорга мувофиқ, қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланишни изчил амалга оширишга, шу асосда янги экологик тоза технологияларни ишлаб чиқиш қувватларини ташкил этишга ҳамда замонавий технологиялардан фойдаланиш негизида амалдаги гидроэлектр станцияларни техник ва технологик жиҳатдан қайта жиҳозлаш, илғор хорижий тажрибани изчил ўзлаштиришни ҳисобга олган ҳолда сув ресурсларини самарали бошқаришга шунингдек, энергетика ресурсларининг мутаносиблигини ошириш ва шу асосда корхоналар ва аҳолининг электр энергияга бўлган эҳтиёжини янада қондиришни таъминлаш каби муҳим йўналишлар белгиланди.

   Ушбу Дастур доирасида 42 та янги гидроэлектр станция қуриш ва ишлаб турган 32 та гидроэлектрстанцияни модернизация қилиш ҳисобига 2025 йилга қадар республикамизнинг экологик тоза гидроэнергия ишлаб чиқариш қувватларини 1,7 баробарга ошириш назарда тутилмоқда.

  Қайта тикланувчи ва муқобил энергия манбаларидан, иккиламчи энергетика ресурсларини энергетик утилизация қилишдан фойдаланган ҳолда, электр энергия ишлаб чиқариш, қуёш, шамол энергияси, микро ва кичик гидроэлектрстанциялардан фойдаланишнинг синовдан ўтган технологиялари асосида энергия ишлаб чиқариш қувватларини яратишга тадбиркорлик субъектларини жалб қилиш орқали ёқилғи-энергетика балансини диверсификациялашга бўлган талаб ортди.

   -Бугунги кунда жаҳонда қайта тикланадиган энергия манбаларига бўлган қизиқиш кундан-кунга ортиб бормоқда,-дея сўзини давом эттиради Афтондил Вардияшвили. -Бу энергетика соҳасининг тараққиёт таҳлили шуни кўрсатадики, мазкур манбаларни танлаш географик жойлашув, табиий ресурслар мавжудлиги ва молиявий имкониятлардан келиб чиққан. Масалан, Исландия геотермик, яъни ер бағридаги иссиқликдан энергия манбаи сифатида фойдаланиш борасида кенг салоҳиятга эга бўлса, Италия ва Испанияда қуёш энергиясини фотоэлектрик станциялар ёрдамида тўғридан-тўғри электр энергиясига айлантиришга, паст потенциал иссиқликни иссиқ сув таъминоти, сувни ҳамда ҳавони қиздириш ва қишлоқ хўжалик масъулиятларини қуритиш каби қатор имкониятлар мавжуд. Дания ва Германия шамол энергиясидан фойдаланиш бўйича Европа Иттифоқида етакчи бўлса, Финляндия, Норвегия ва Швеция гидроэнергетикани, Дания, Испания каби жанубий давлатлар қуёш ва шамол энергетикасини, АҚШ, Хитой ва Япония каби давлатлар эса ҳар уччала энергетикани стратегик йўналиш этиб белгилаган.

    Бу маълумотлар жаҳон энергетика соҳаси мутасаддиларини ва ўз навбатида мамлакатимиз олимлари олдига муқобил энергия манбаларидан кенг фойдаланиш бўйича самарали ишларни амалга оширишга ва янги-янги илғор технологиялар кашф этилишини тезлаштиришга ҳамда бу энергия манбалари асосида ишлайдиган замонавий қурилмаларни лойиҳаловчи ва ишлатувчи олий маълумотли мутахассислар яъни магистрларни тайёрлаш талабини ҳам қуймоқда.

    -Бу борада олиб бориладиган илмий-тадқиқот ва амалий изланишларга ўз эътиборини қаратган Қарши давлат университети олимлари Европа иттифоқининг “Эрасмус” дастури асосида бажариладиган ишларга фаол иштирок этмоқдалар,-дейди сўзини давом эттирган ишчи гуруҳи раҳбари Афтондил Вардияшвили. -Улардан бири “RENES: Қайта тикланувчи энергия манбалари ва барқарор атроф-муҳит соҳасида магистрлик дастурини ишлаб чиқиш” лойиҳаси бўлиб ҳисобланади. Лойиҳа грантхолдери-Италиянинг Л`Акуила университети бўлиб, уни амалга оширишда Европанинг 4 та ОТМлари яъни,  Италиянинг Л`Акуила Университети бош координатор, Германиянинг Берлин Техника Университети, Швеция Технология Қироллиги институти, Болгариянинг София Химия-технология ва металлургия Университети UCTM (BL) ва Ўзбекистондаги  6та ОТМлари ҳамда ноакадемик ташкилотлар -Андижон давлат университети, Гулистон давлат университети, Қарши давлат университети, Ургенч давлат университети, Тошкент автомобил йўллар институти, Тошкентдаги Турин Политехника университети, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Қуёш энергияси халқаро институти  MIRSOLAR LTD, Андижон табиатни муҳофаза қилиш қўмитасидан вакиллар иштирок этмоқдалар.

  Маълумотларга қараганда, табиий ёқилғи-энергия ресурсларидан фойдаланиш суръати бугунги кундагидек давом этадиган бўлса, сайёрамиз бўйича нефт захиралари кўпи билан 55-60, табиий газ 70-75, кўмир эса 150-160 йилга етади.

     Лойиҳа 3 йил (2016-2019)га мўлжаллангани ҳолда, унинг мақсади: Ўзбекистондаги олий таълим муассасалари, саноати экологик ва энергия муаммоларини маҳаллий ва минтақавий даражада ҳал қилишга эга бўлган қайта тикланувчи энергия манбалари ва барқарор атроф-муҳит соҳасидаги мутахассис – муҳандиснинг янги профилини яратиш бўлиб, лойиҳа ўз навбатида қуйидаги вазифаларни бажаришни талаб қилади: Ўзбекистон ҳамкор ОТМ ларида (ҚарДУ, УрДУ, АДУ, ГулДУ, ТАЙИ, ТУПУ) қайта тикланувчи энергия манбалари ва барқарор атроф-муҳит соҳасида мавжуд бўлган магистрлик дастурларини янгилаш, қайта ишлаб чиқиш ва европанинг ECTS тизимидаги янги магистрлик дастурини киритиш; Барқарор атроф-муҳит ва қайта тикланувчи энергия ҳолатини баҳолаш учун лабораториялар ташкил этиш. Ўзбекистондаги олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчиларини қайта тикланувчи энергия манбалари ва барқарор атроф-муҳит соҳасида салоҳиятини ошириш; Қайта тикланувчи энергия манбалари ва барқарор атроф-муҳит бўйича, маълумот ва ахборотларни етказишни такомиллаштириш бўйича давлат ташкилотлари, корхона ва таълим муассасаларида ўқув семинарларини ташкил этиш, таълим-инновация ҳамда илмий –тадқиқот ишларини ривожлантиришдан иборат.

   Юқорида зикр қилинган тахлилдан куринадики, ҳозирги пайтда ер юзида аҳоли сонининг йил сайин ошиб бориши ва ўз навбатида энергияга бўлган талабни кучайиши, фан-техниканинг тез суръатларда ривожланиб бориши, ижтимоий-иқтисодий, экологик ҳамда энергетик муаммоларни вужудга келишига сабаб бўлар экан. Бу эса ўз навбатида дунё мамлакатларида, хусусан республикамизда ҳам қайта тикланувчи энергетиканинг янада жадал ривожланишига замин яратади.

 

                                                                    Гулруҳ Жўраева,

                                                  Ўзбекистон экологик ҳаракати Қашқадарё       

                                                 вилояти ҳудудий бўлинмаси координатори                                       

 

- - -


< Orqaga qaytish