Экомуаммо » Қадри баланд неъмат

Қадри баланд неъмат

Қадри баланд неъмат

49 marta o'qildi

  Бутун мавжудот сув билан тирикдир. Яратувчи улуғ неъматни махсус бир сув билан хослади. Унга фазл ва барака ато этди. Замзам оддий сувларга аралаштирилса, унга қўшилган қисм миқдорича барака ва фазилат касб этади. Қанча кўп аралаштирилса, ўша сувнинг баракаси шунчалик ортади. Мусулмонлар курраи заминнинг турли нуқталаридан келиб, Маккаи  мукаррамадаги Замзам сувидан тотиб кўрадилар, уни ўз юртларига ёру биродарларига бир қултум бўлса-да етказиб боришга интиладилар.           

  Қуёшли юртимизнинг турли гўшаларида яратган томонидан ато этилган сувларни айтмайсизми? Нурота чашмаси, Омонхона шифобахш булоғи, Наманган вилояти Чортоқ туманидаги Сутбулоқ чашмаси, Деҳқонободдаги Ўринбулоқ суви каби обиҳаёт чашмалари минглаб инсонларнинг дардига шифо бериб, уларга куч ва қувват ато этмоқда. 

  Доно халқимизда “Эшигингдан оққан сувнинг қадри йўқ” деган пурмаъно мақол бор. Бу мақол балки минг йиллар олдин айтилгандир. Ўша вақтларда дарёлар тўлиб тошиб оққан, ўт-ўлан ва хас чўпдан тозалаб қўйилган ариқларда сув боғ-роғларга, экин-текинларга ҳаёт бағишлаган. Ариқлар тепасидаги бўйи осмонга чўзилган дов-дарахтлар сувнинг парланиб камайиб кетишидан сақлаган. Ёш болалар, қизалоқлар кулча, оқизоқ  оқириб ўйнаган. 

  Бугунчи, сув танқислиги билан боғлиқ муаммо оламшумул таҳдидга айланиб, табиий муҳитнинг ёмонлашувига, яшашга доир имкониятларнинг чекланишию, аҳоли саломатлигининг ёмонлашувига олиб келди. Бугун сайёрамизнинг 40 дан ортиқ мамлакатида истиқомат қилувчи 2 миллиарддан кўпроқ инсонлар сув танқислигидан азият чекмоқда. Ҳозирги даврда ички сув ҳавзалари, айниса, дарёлар шу  қадар ифлосланганки, улар табиий йўл билан ўзини-ўзи тозалай олмаяпти. Бундай сувлар нафақат истеъмол учун, балки маиший хизмат, турмуш ва саноат эҳтиёжлари учун ҳам яроқсиз бўлиб қолаётир. Ўғит ва заҳарли кимёвий моддалар ишлатилган экин майдонларидан, чорвачилик фермаларидан оқиб чиқадиган сувлар шулар жумласидандир. 

  Сув танқислиги катта иқтисодий қийинчилик билан бирга аҳоли саломатлигига салбий таъсир кўрсатиб, ижтимоий муаммоларни келтириб чиқармоқда. Сувнинг ифлосланиши туфайли турли касалликлар: ошқозон ичак, бўйрак, жигар, қонда турли аллергик хасталиклар келиб чиқмоқда. Сув ресурслари танқислиги Ўзбекистоннинг изчил ривожланишига ўз таъсирини ўтказиши мумкин бўлган асосий омиллардан биридир. Мамлакат айни кунларда сув етишмаслиги, сув манбаларининг қуриши ва ифлосланиши билан айрим муаммоларга дуч келмоқда. Шаҳар ва қишлоқларда сувга оид муаммоларнинг асосий сабаби сув қимматбаҳо ресурс эканини тан олмасликдан иборат.  

  Ўзбекистон Марказий Осиё давлатлари орасида суғориладиган сувга кўпроқ эҳтиёж сезадиган мамлакатдир. Негаки унинг суғориладиган майдони катта, қишлоқ аҳолиси кўпчиликни ташкил этади ва аҳолиси ҳам зич жойлашган. Сувнинг катта қисмидан, айниқса, қишлоқ хўжалигида фойдаланилаётганини эътиборга оладиган бўлсак, суғориладиган  деҳқончиликнинг экологияга  салбий таъсир кўрсатаётганини кўришимиз мумкин. Чунки таркибида пестицидлар, тузлар кўп бўлган қайтадиган сувларнинг қарийб 80 фоизи ушбу соҳага  тўғри келади. 

   Биз ҳатто ёши катталар ҳам истеъмол қиладиган маҳсулотимизга қанча миқдорда сув сарфланишини билмаймиз. Мутахассисларнинг фикрига кўра сарфланган сувнинг нархини қўшиб ҳисобласа бир буханка нон 30700 сўмга тушаркан. Бир килограмм гўшт учун сарфланадиган сувни қўшиб ҳисобласа 120 мингга тўғри келаркан. 

    Энди ўйлаб кўрайлик ҳар бир оила қанча сувни истеъмол қилади. Баъзан жўмраги бузилиб суви томчилаб турган водопроводни кўрсак эътибор бермай ўтиб кетамиз. Ҳозирги техника шиддат билан ривожланаётган замонда жумраклардан иссиқ ва совуқ сув шариллаб оқиб турган кўп қаватли уйлар ёки ҳовлиларда битта пиёлани чайиш учун камида 3 литир сув сарфлаётган аёллар, эрталаб соч-соқолини тартибга солиш учун сувни ўз ҳолича оқириб қўйиб ювинаётган, соқолини текислаётган эркакларимиз қанча сув сарфлаётганини билармикан. 

   Оммавий ахборот воситаларидан бирида ёзилишича Саудия Арабистонида сув бензинга нисбатан анча қиммат тураркан. Агар сувни тежаб-тергаб ишлатмасдан исроф ва нобудгарчиликка йўл қўяверсак келажак авлодимиз бошига ҳам шундай қимматчилик ёғилмаслигига ким кафолат беради? 

   Хулоса ўрнида юқорида айтиб ўтиб кетганимиз мақолнинг бошқача қилиб айтадиган бўлсак, энди сувнинг қадри баланд, агар уни қадрламасак, қадрига етмасак, тежаб тергаган ҳолда асраб авайламасак, келажак бизни кечирмайди. Ойнаи жаҳон орқали “Уммон олдида яшасанг ҳам бир томчи сувни исроф қилма” деган тушунчани биз ўқитувчи ва тарбиячилар, ота-оналар, журналистлар, бобо-бувилар бот-бот такрорлашимиз, ўргатишимиз, ўзимиз ибрат кўрсатишимиз, ёшларга тушунтириб, онгу шуурларида сувга нисбатан меҳр-муҳаббатни оширишимиз, ҳар биримизнинг инсонийлик бурчимиз бўлмоғи лозим. 

 

                                                                              Қурсия ҚЎЛДОШЕВА, 

                                                                  “Навқирон” газетаси бош муҳаррири. 

- - -


< Orqaga qaytish