ФАРҒОНАДА ТЕРАКЛАРГА ҚАРШИ “УРУШ” ДАВОМ ЭТМОҚДА

Каналимизга Фарғона вилоятининг турли ҳудудларида тераклар ёппасига кесилаётгани ҳақида машъум хабар келиб тушди.

Дарахтларга қарши Фарғонада “уруш” анча илгари бошланган. 2018  йили Фарғонанинг Олтиариқ туман маркази Тинчлик шаҳридан Қапчиғай қишлоқ фуқаролар йиғинига олиб борувчи йўл бўйидаги дарахтлар – асосан терак ва толлар кесилган эди.

Хаттоки  Шаҳрихон тумани ҳокими Ҳ.Дадахоновнинг 2020 йил 23 апрель куни 41-Ф сонли фармойиши қабул қилинган эди. Унга кўра, тумандаги барча маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳудудида жисмоний ва юридик шахсларга тегишли калифорния навли теракларни аниқлаш, хатловдан ўтказиш ва уларни бартараф этиш бўйича туман ишчи гуруҳи таркиби тасдиқланган. Бунга ўтган йили табатнинг ўзи, аниқроғи короновирус пандемияси  тўсқинлик қилди. Аммо бу йил теракларни кесиш кампанияси давом этаётгани ҳақида каналимизга хабарлар келмоқда.  Бу ўта ваҳшийлик эмасми?  Шаҳрихон ҳокимининг ўзи битта дарахт экиб, парваришлаб, вояга етказгамикан?  http://shahri.uz сайтида  М.Ғозиев имзоси остида чоп этилган  мақолада  “Фермер хўжаликлари далаларининг четларига, йўл бўйларига, хонадонларга экилган калифорния терагини кесиб, йўқотиб, она табиатимизнинг мусаффо бўлишига ўз ҳиссамизни қўшайлик!” деган чақириқ билан якунланади. Шу пайтгача, дарахтлар (уларнинг туридан қатъий назар) чанг ва ис газларини ютиб, “она табиатимиз мусаффолигига ҳисса қўшаётганлигини билардим.

Ҳозирги вақтда калифорния теракларининг айни гуллаган пайти. Маълумки, баҳор фаслининг ўрталарида  калифорния тераги оқ момиқ гуллаб, ана шу гуллар шамол орқали атроф-муҳитга тарқалади. Бу ҳолат узоғи 21 кундан 1 ойгача давом этади.  Ҳозирда аҳоли томонидан мазкур терак дарахтлари гулидан касалликлар тарқалаётганлиги хақидаги мурожаатлар келиб турибди.  Айниқса, у инсон соғлиғига салбий таъсир кўрсатаётгани, терак чиқараётган тўзғоқ (пух) аллергик касалликлар қўзғатувчи воситалиг, шунингдек, атроф муҳитни ифлослантираётгани хақида тез тез хабарлар тарқалмоқда. Бундай хабарларни тарқатгунча , бор дарахтларни асраш лозим эмасми? Ҳар бир дарахтнинг ўзига хос ижобий ва салбий томонлари бор.  Демак, уларни ҳаммасини кесиш керакми, одамда аллергия  ёки бошқа  касаллик қўзғатади,  деб?  Дарахтлар табиатнинг ажралмас қисмидир, улар ҳам биз учун берилган бир неъмат хисобланади Ҳар бир дарахт ҳаёти давомида бир тонна карбонат ангидридни қайта ишлайди,инсонларга соя салқин бахшида этади. Колифорния тераги аҳоли эътирози даражасида инсон саломатлигига таъсир қилмайди. Узоғи бир ой сабр қилинса бу ҳолат ўтиб кетади. Эвазига қолган 11 ой давомида мазкур дарахтларимиз инсонларга соя бериб, ҳавони тозалаб беради. Терак илдизлари ердаги намликни тортиб, мўътадиллаштириб туради. Инсон саломатлигига айнан табиат, дарахтларни кесиш орқали зарар етказмаяпмизми? Ҳозирда ҳар бир инсон учун камида 4 та дарахт мавжуд бўлиши керек. Лекин ҳозирда одам сонига нисбатан дарахтлар ўта камайиб кетган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Президентининг  3 февралдаги №ПФ-6155-сон фармонини 24-банди, б-қисмига мувофиқ республикада давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахт ва буталарнинг қимматбаҳо навлари кесилишига жорий этилган мораторийнинг амал қилиш муддати 2021 йил 31 декабргача узайтирилган. Шунингдек, ноқонуний кесилган дарахт ва буталар учун уч йил давомида парваришлаш шарти билан 100 туп кўчат экиш мажбурий этиб белгиланди.

Дарахтларни кесмоқчи бўлганлар аввало бир дона дарахт экиб, уни кўкартиришсин, озгина бўлсада Она табиатимизга меҳр беришсин,  атмосфера ҳавосини тозалаш, инсонлар саломатлигига ижобий таъсир кўрсатишда теракларнинг ҳам ўрни катталигини тушуниб етишар?

Наргис Қосимова

☘️Каналимизга уланинг 👇

Присоединяйтесь к нашему каналу

👇 https://t.me/ekologuz