ЭКОЛОГИЯ ҚЎМИТАСИ РАИСИ РУХСАТНОМАСИ БИЛАН ҚИЗИЛ КИТОБГА КИРИТИЛГАН ҚЎНҒИР АЙИҚ РОССИЯЛИК ОВЧИ ТОМОНИДАН ЎЛДИРИЛДИ

Давлат Экология қўмитасида қачонки том маънода атроф-муҳит муҳофазасига жонкуяр бўлган, табиатни асраб-авайлашга ҳиссасини қўшадиган раҳбар келмаса табиатимизга қирон келтирилади. Ўтган йиллари Қашқадарё ва Наманганда аҳоли ва браконьерлар томонидан ўлдирилган айиқлар ҳақида ёзгандик. Фуқаролар айиқни ўзини ҳимоялаш учун, браконьерлар пул учун ўлдирганлиги маълум бўлганди. Аммо Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси раҳбари Қизил китобга киритилган айиқни отишга рухсат берсачи? Дардингни кимга айтасан?

Ачинарлиси шундаки, Ўзбекистон Республикаси Давлат экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси раиси Алишер Максудовнинг имзоси билан 2 дона Ўзбекистон Республикаси «Қизил китоби»га киритилган Тяньшан қўнғир айиғини отишга Россия Федерация фуқароси Широков Е.П га 2021 йил 3 март куни №400030-сон рухсатнома берилган.

Мазкур рухсатнома экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги назорат бўйича Бўстонлиқ туман инспекциясида №4-сон билан 2021 йил 31 март куни рўйхатга олинган.

Овчи Россия Федерация фуқароси Широкову Е.П. эса Бўстонлиқ туманида 1 дона қўнғир айиқни отиб, у билан ваҳшийларча суратга тушган.(Унинг яна битта Тяньшан қўнғир айиғини отишга рухсатномаси бор). Эслатиб ўтамиз мазкур айиқлар атиги 150 дона атрофида қолганди. Бу кетишда бирортаси қолмайди. Адашмасам, Қизил китобга киритилган жониворларни ов қилиш Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 20 октябрдаги 290-сонли “Биологик ресурслардан фойдаланишни тартибга солиш ва табиатдан фойдаланиш соҳасида рухсат бериш тартиб-таомилларидан ўтиш тартиби тўғрисида”ги қарори билан тартибга солинади.

Эндигина уйқудан уйғонган айиқлар бу фаслда анча заиф бўлади. Айнан заифлигидан фойдаланиб, уларни ўлдириш ўта ваҳшийликдир.

Давлат экология қўмитаси раиси Алишер Максудовнинг бундай рухсатнома беришининг ўзи аянчлидир. У қандай асосларга кўра ноёб ҳайвонот оламимизга ваҳшийларча муносабатда бўлишга имкон берадиган мазкур рухсатномага имзо чекди экан? Экология қўмитасининг вазифаси ҲАЙВОНОТ ВА ЎСИМЛИКЛАР ДУНЁСИНИ АСРАШ ЭМАСМИ?  Олдин ўлдирилган айиқлар қутирган деб хулоса берилиб, иш ёпди-ёпди бўлганди. Бу сафар ҳам “айиқ қутирган эди, россиялик овчи ёрдамга чақирилди” деган гаплар бўлмас, деган умиддамиз.

P.S.Айтганча, улар “Пахтасаноат”чиларку! Яқин тарихдан маълумки, уларга кўп нарса мумкин. Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги назорат бўйича Бўстонлиқ туман инспекцияси бошлиғи Уразбоев ҳам “Пахтасаноат”чи экан.

☘️Каналимизга уланинг 👇
Присоединяйтесь к нашему каналу
👇 https://t.me/ekologuz