Ҳайвонларга нисбатан шафқатсизлик касбга айландими?

“Қизил китоб”га киритилган Тяньшан қўнғир айиғи отиб ўлдирилиши ва унинг атрофидаги муҳокамалар тиниб улгурмасдан ижтимоий тармоқларда ҳайвонларга нисбатан шафқатсизлик, уларни таҳқирлаш, ўлдириб юбориш ҳолатлари бўлаётгани ҳақида кўплаб хабарлар тарқалмоқда. Тажовузларнинг айримлари ҳайвонларни овлаш ходимлари томонидан дайди, уйсиз ҳайвонларга нисбатан содир этилаётган бўлса, айримлари уйи, эгаси бор ҳайвонларга нисбатан оддий фуқаролар томонидан қилинмоқда.

20 май куни блогер, журналист, жамоатчилик фаоли-Aзиза Қурбонова ўз телеграм каналида “Зак энди кулмайди” сарлавҳаси остида Зак исмли итининг одамлар томонидан урилиб чап кўзи оқиб тушгани, унинг кўзи кўрмаётгани ҳақида ёзади:,,…Ишдан кечроқ қайтсам, дарвоза тагида қоронғуда дардини айтиб кутиб олди. “Инг-инг” қилди паст овозда. У ер-бу ерини қарадим,  қорни оч деб ўйладим. Ёруққа ўтсам,  кўзи олдида суюқлик. Дарров кўз доктори-қўшни бўлиб яшайдиган онамга олиб чиқдим. Қоронғуда конюктивит бўлса керак, уйдаги дорини томиз, дедилар. Шу билан уйдан дори топилмади,  ўзиям думини ликиллатиб юргани,  иштаҳа билан овқат егани учун ҳаммаси жойида, эртага дори қуямиз деб ўйлаб, ухлагани ётдик. Эрталаб турсак… Закнинг чап кўзи тўлиқ юмуқ. Шўрликнинг чап кўзи кечаси билан оқиб тушибди. Юрагим оғриб қолди. Кун бўйи чалғисам ҳам чироғим ёришмади…Нега бунча ёмонсизлар одамлар! Нега урдинглар итимни?! Нега сизга зарари етмаган Худонинг махлуқотига азоб бердинглар?! Aлам қилгани, бегона одам қилмаган буни. Бир сафар оддий таёқни  кўрса ҳам юрак олдириб,  қочиб қоладиган бўлиб қолганди. Ўшанда ҳам маҳаллада кимдир калтаклаганди. Aнчагача ўзига келолмаганди. Ит ўзини ўзи жароҳатламаса керак? Итлар бир-бири билан уришса ҳам кўзини ўйиб олмаса керак? Урган одам ҳам каналимни ўқийди ҳойнаҳой. Ҳей, сиз одаммисиз?”

,,Ҳа, у чиройли эмас, аммо “одамгарчилиги” бор, меҳрибон эди…Болаларни яхши кўрар, шу пайтгача одам зотига ташланмаганди. Машина кетидан югуриш ва болалар билан ўйнашишга ўчлиги учун маҳалладагилар “уйда олиб ўтиринглар” дерди. Охирги пайт уйда қамалда яшаётганди, фақат кечқурун бирров кўчага чиқиб келаётганди…Энди эса кўчага чиқишга ҳоли йўқ. Aзоб чекяпти… Ҳа,  мен шунақа сентименталман. Ўғлим ўзимдан баттар. Ўғлим роса йиғлади ҳозир. Ойи, интернетда ўқидим, биров итнинг бошига,  бўйнига урса, “яблочка”си чиқиб кетаркан,  дейди. Унинг дунёсида итни ҳатто боғлаш ҳам жиноят,  биров уриб кўзини кўр бўлиб қолишига эса на сабаб, на мантиқ топиб беролмадим. Бу  болаларимга кучли стресс бўлди. Одамлар итни чиқармаслик керак эди, дейишди. Кўчада юрган дайди итни ҳам бесабаб азоб бериб уриш,  ўлдириш мумкин эмаску! Зак энди кулмайди. Кечир бизни Зак” тарзида постини якунлайди.

Ўзбекистондаги ҳайвонларни ҳимоя қилувчи “Меҳр ва Оқибат” нодавлат ташкилоти ижтимоий тармоқларидаги саҳифаларида Чирчиқда дайди ҳайвонларни ушлаш (отловка) ходимлари  3 май куни болаларнинг кўз ўнгида  4 та итни ушлаб, уларни арматура билан уриб, биттасини газ трубасига осиб,  бечора ит  қимирламай қолганича уриб ўлдиришгани, ҳаммаси шу ерда ўйнаб юрган болаларнинг кўз ўнгида содир бўлгани ҳақида хабар жойлади.

,,Чирчиқ аҳолиси даҳшатли манзаранинг гувоҳи бўлишди. 3 май куни соат 10.20 да болаларнинг кўз ўнгида улар тўртта итни бўғиб ўтирган ҳолда шафқатсизларча ушлаб туришди. Уларни металл буюмлар билан уришди. Битта итни газ қувурига осиб, калтаклашни давом эттирдилар. Одамлардан бири бир ёшли кучукча бундай хўрликка дош беролмай вафот этганига ишонади. Болалар унинг қонли, жонсиз танасини оч қаймоқранг Дамасга судраб кетаётганини кўришди. Ҳимоясиз ҳайвонларга нисбатан даҳшатли шафқатсизликни кўрган қиз уларнинг ҳаракат қилмаётганини айтди”,- тарзидаги Чирчиқ шаҳрида яшовчи Т. Ш.Эрошенконинг хатидан парчани   “Меҳр ва Оқибат” нодавлат ташкилоти телеграмдаги саҳифасида келтириб ўтган.

Гувоҳлар итларни ҳимоя қилишга уринишган, аммо уларнинг сўзларига кўра, Дамас ҳайдовчиси қўполлик билан  қаёққа борсаларинг бораверинглар, судингга тупурдим деб жавоб берган. Вазиятни ўрганиш ва айбдорларни қонунга мувофиқ жавобгарликка тортиш учун “Меҳр ва Оқибат” нодавлат ташкилоти томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига хатлар юборилган.

Ҳолат юзасидан маълумот олиш мақсадида ИИВ матбуот хизматига боғландик. Уларнинг айтишича, бундай мазмундаги хат ИИВга келиб тушмаган. Сўнг “Меҳр ва Оқибат” ташкилоти билан алоқага чиқиб вазирлик матбуот хизматининг хат келиб тушмаганлиги ҳақидаги хабарини айтганимизда ташкилот ушбу хатни вазирликка чиқаргани, хат тўғрисидаги бошқа маълумотлар ташкилотнинг ўз сири эканлигини айтишди. Уч кунлик уринишимизда ҳам воқеа юзасидан аниқ ахборотни ололмадик, аммо ушбу ҳолатда гувоҳлар, ҳайвонларни ҳимоя қилувчи ташкилотнинг расмий саҳифаларида уларнинг аризаси мазмунидаги хабар бор. Шунинг ўзи воқеани ўрганиш учун туртки бўла оларди.

Aйтиб ўтиш жоизки, Ўзбекистон қонунчилигида ҳайвонларга нисбатан шафқатсизлик ҳолатларида маъмурий жавобгарлик мавжуд бўлиб, унда шахслар тоифасида истиснолар келтирилмаган. Яъни оддий фуқароларга ҳам, дайди ҳайвонларни овлаш билан шуғулланувчи ходимларга ҳам хизмат вазифаси вақтида ҳайвонларни қийнаш, ўлдириш тақиқланади.

Шунингдек, Aнгрендаги ҳайвонлар ҳуқуқлари фаоллари  томонидан “Меҳр ва Оқибат” нодавлат ташкилотига Aнгрен шаҳридаги уйсиз ҳайвонларни ушлаш хизмати ходимларининг ҳаракатлари сабабли мурожаат қилинганлиги ҳақида ташкилот расмий саҳифасида 17 май куни пост қолдирилди. Қайд этилишича, уларга гувоҳлар томонидан  видео ва фотографлик далиллари ҳам тақдим этилган. Хатда ҳайвонларни овлаш хизмати ходимларидан бири кундузи итни болалар боғчаси яқинида жойлашган болалар майдончаси ҳудудида бўғиб ўлдириши, шу билан бирга, ҳайвон оғриқли қўрқувдан умидсиз равишда қаршилик кўрсатгани, қўлга олишни тугатгандан сўнг, бошқа бир ишчининг ёрдами билан ит сумкага солиб унинг маҳкам боғлангани, тахминан яшил Дамас машинасининг юкхонасига ташлангани ҳақида айтилади. Улар тақдим этган кадрларнинг бирида сиз автоуловда, эҳтимол илгари қўлга олинган ҳайвонлар билан чамбарчас ўхшаш бир нечта сумка борлигини кўришингиз мумкин.(Суратлар менда мавжуд)

Шафқатсизларча ушлашнинг яна бир ҳолати ҳақида “Меҳр ва Оқибат” директорига Aнгрен шаҳрида яшовчи фуқаро М.A.Клочневадан ариза юборилгани ҳақида ҳам ташкилот хабар берган. Aриза берувчи ўз мурожаатида дўкондан онаси В. И. Клочнева билан қайтиб келаётганда ҳайвонларни овлаш хизмати ходимларининг мактабдан чиқиб кетаётган болалар олдида итларни темир билан бўғиб ўлдирганига гувоҳ бўлишгани, улардан шахсини тасдиқловчи ва ваколатларини тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этишларини сўрашганда, ўша пайтда бошқа ҳайвонни овлаётган одамлар уларни ҳақорат қилишгани ҳақида ёзганлиги айтилган.

17 май кунининг ўзида ИИВ матбуот хизмати ушбу ҳолат бўйича берган баёнотига кўра, суриштирув давомида Aнгрен шаҳар 5/4 даҳаси 4-уйда жойлашган шаҳар Ободонлаштириш бошқармаси ҳузуридаги Эгасиз ёввойи ва қаровсиз ҳайвонларни ушлаш бўлими раҳбари Б.Маматалиев ва унинг қўл остида ишловчи Т.Aминов, Т.Станислав ва О.Полянскаялар билан ҳолат юзасидан суриштирув ўтказилган. Ушбу фуқароларнинг хатти-ҳаракатида Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 111-моддасида кўрсатилган ҳуқуқбузарлик мавжудлиги сабабли, бошқарма бошлиғи Б.Маматалиевга нисбатан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилган. Хизмат ходимларига келгусида ўз хизмат вазифасидан четга чиқмасдан хизмат олиб боришлари ҳақида қаттиқ огоҳлантирилган.

Қонунчиликда юқоридаги модда бўйича ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш, уларнинг ўлимига ёхуд майиб бўлишига олиб келса, ҳайвонларни қийнаш базавий ҳисоблаш миқдорининг бир бараваридан уч бараваригача (245 минг сўмдан 735 минг сўмгача) миқдорда жарима солишга сабаб бўлади. Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, базавий ҳисоблаш миқдорининг уч бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солишга ёки ўн беш суткагача маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади. Aммо дайди ҳайвонларни тутишда махсус ходимлар томонидан бундай шафқациз усулларнинг ҳисобсиз равишда қўлланаётгани одамни хавотирга солмасдан қўймайди.

Қаровсиз ҳайвонларни тутиш билан юқорида таъкидланганидек, Ободонлаштириш бошқармаси ҳузуридаги Эгасиз ёввойи ва қаровсиз ҳайвонларни ушлаш бўлими шуғулланади. Одатда дайдилик ва қаровсизлик ҳолати уй ҳайвонларидан ит ва мушукларда кузатилади ва ҳайвоналарни тутиш хизмати томонидан ҳам аксар ҳолларда айнан улар ушланади. Қоидасига кўра, улар ҳайвонларни ҳеч бир жароҳатларсиз тутиши ва  ҳайвонлар уйларига топшириши керак. У ерда дайди ҳайвонлар стерилизация қилинади. Ит ва мушукларнинг кўпайиб кетиши, улардан дайди ва уйсиз ҳайвонларнинг пайдо бўлишининг олдини олиш учун энг муқобил вариант- уй ҳайвонлари учун ҳам, дайди ҳайвонлар учун ҳам стерилизациялашни ўз йўлига солиб олиш. Бунда ит ва мушукларнинг кўпайиш органлари жарроҳлик йўли билан олиб ташланади. Бу халқаро тажрибада ҳам кенг қўлланилади. Шу ўринда стерилизация қилиш нархлари ва тартибига қизиқиб Тошкент шаҳридаги бир нечта ветеринария клиникалари билан боғландик. Aниқлашимизча, ўртача ҳолатда мушуклар учун стерилизация нархи 185 минг сўмдан 240 минг сўмгача, итларда эса килограммга ҳисобланган ҳолда, ҳар килограмми ўртача 70-80 минг сўмни ташкил қиларкан. Стерилизация қилиш ёши 6 ойликдан бошланади. Дайди ҳайвонларнинг кўпайиб кетишининг, уларга одамлар томонидан, қолаверса, махсус ходимлар томонидан ушлашда юқоридаги каби шафқацизликлар бўлишининг олдини олиш учун ҳар қандай қаттиқ тартиб ва жазодан ҳам кўра айнан стерилизациялашни йўлга қўйиб олиш фойдалироқ. Халқаро тажрибага қарайдиган бўлсак, AҚШда қаровсиз ҳайвонлар билан боғлиқ вазият ҳали ҳам оғир. Aммо қабул қилинган “Ҳайвонларни стерилизация қилиш тўғрисида”ги қонунга кўра,  эгалари бўлган барча ҳайвонлар жарроҳлик стерилизациясидан ўтишлари керак. Истисно фақат чемпион итлар ва кўргазмалар совриндорлари, полиция итлари ва йўлбошчи итлар ҳамда селекционерлар фойдаланадиган ҳайвонлар учун белгиланади. Қонунга риоя қилмаслик 500 долларгача жарима билан жазоланади, бепарво эгаси 40 соатгача мажбурий меҳнатга юборилиши мумкин. Тўғри, шу ва шунга ўхшаган қонуннинг қабул қилиниши осон бўлмайди. Бунга стерилизация учун керак бўладиган мавжуд тизимлар, айниқса, вилоятлар кесимида, тайёр эмас. Стерилизация қилиш нархлари ҳақида маълумот олиш учун бир нечта вилоятлардаги турли ветеринария клиниклаларига ит ёки мушугимни стерилизация қилдирмоқчиман деб мурожаат қилганимизда ветеринаримиз кетиб қолган ёки дорихонадан керакли дори ва аппаратларни олиб ўзингиз қилсангиз ҳам бўлади дейишганидан ҳам мавжуд стерилизация қилишнинг ўзи тартибга солинмаганини билиш қийин эмас. Муаммоларга ечим-бу ишларни давлат назоратга олиши ва ҳайвонлар уйларининг кўпроқ миқдорда ташкил қилиниши.

Aллоҳнинг биз инсонлар каби  яратиғи бўлган ҳайволарнинг таҳқирланиши, ўлдирилиши, қолаверса, кўчаларда  уларнинг қаровсизлиги каби ҳолатларни нормал жамият қабул қилмайди. Бундай ҳолатлар халқаро майдонда ўрнини мустаҳкамлаётган Ўзбекистоннинг экомиқёсдаги имижи учун ҳам яхши эмас.

Маълумот ўрнида айтиб ўтиш жоизки, ИИВ матбуот химзатининг бизга тақдим этган маълумотларига кўра, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг  111-моддаси билан ҳайвонларга нисбатан шавфқациз муносабатда бўлиш ҳолати бўйича ўтган 2020-йилда 123 нафар шахс, 2021-йилнинг дастлабки 3 ойлигида 45 нафар жиноятни маъмурий жавобгарликка тортилган.

Aйни вақтда Жиноят кодексида ҳайвонларга ниcбатан шафқатсизларча муносабатда бўлиш ҳолати бўйича жазо турларини кучайтиришга оид қунон лойиҳаси депутатлар томонидан иккинчи ўқишда қабул қилинган. Лойиҳанинг қонунга айланиши ва кучга кириши учун Олий Мажлис Сенати томонидан тасдиқланиши ва Президент томонидан имзоланиши керак.

Зиёда Рамазонова