Ўзбекистонда чиқинди масаласи: қонун, муаммо ва ечим

 Бугунги кунда чиқинди муаммоси нафақат Ўзбекистонни балки бутун дунё аҳлини ташвишга солмоқда. Урбанизация жараёни жадаллашиб, шаҳарлар кенгаяётган, аҳоли сони ўсаётган ва унинг эҳтиёжини қондириш учун миллионлаб турдаги товарлар ишлаб чиқарилаётган бир пайтда чиқиндиларни қайта ишлаш ва уларнинг утилизацияси энг катта экологик муаммолардан биридир. Статистик маълумотларга эътибор қаратадиган бўлсак, бир кунда дунё аҳолиси аҳолиси ўртача умумий ҳажмда бир йилда 300 кг. чиқинди ташлайди. Мазкур рақамни 365 га кўпайтиринг ва бир кунда бир одам ташлайдиган чиқинди миқдорига эга бўласиз — 300/365=0,822 кг. Ушбу рақамни мамлакат аҳолисига кўпайтирсангиз, бир мамлакатнинг чиқариб ташлайдиган чиқинди миқдори чиқади. Масалан, Ўзбекистон бўйича 0,822х 34 500 000 нафар аҳоли (1.01 2021 йил ҳолатига) бир кунда мамлакатимиз аҳолиси 28 млн.359 минг килограмм чиқиндини чиқариб ташлашади. Дунё бўйича бу 6 млрд.495 млн. 339 килограммни ташкил этади (10.07.2021 ҳолатига) ва фақат унинг 30 фоизигина қайта ишланади, қолгани эса аста-секинлик билан Она сайёрамизни қопламоқда. Чиқиндилар турли хил қимматбаҳо металлар, шиша идишлар, макулатура, пластик, ерга ўғит бўла оладиган озиқ-овқат маҳсулотларининг қолдиқларидан иборат.

Бозорга бордик, ҳар бир маҳсулотни алоҳида қора (оқ, кўк) пакетга солиб беришди. Уйга келиб, харидни музлаткичга жойлагач, бироз ифлосланган пакетларни ахлат челакка ташлаймиз. Кечқурун челакни ахлат тўплаш жойига олиб бориб, бўшатамиз. Бу шаҳарда. Қишлоқда эса, икки марта юқиб, яна қайта ишлатгач, бироз йиртилган, тешилган пакетлар қишлоқнинг чеккасидаги ахлат уюмига тўкилади. Сал шамол турса, пакетлар қора қузғун сингари ҳавога кўтарилади. Машинада кетаётганимизда, далага нон ураб олиб чиққанимизда, йўлда кетаётганимизда ўйлаб ўтирмай, бўшаган пакетларни четга улоқтирамиз. Қарабсизки, йўл чети, аҳоли пунктлари, далаларда инсоннинг нигоҳи етган жойда енгил шабодада “бир бирини қувлаётган” пакетларни кўрасиз. Полиэтилен пакетларни тадбиркорлар қайта ишлашади, аммо уларни алоҳида топширишга аҳолида рағбат йўқ. Чунки жуда енгил ва 1 кг.си атиги 2000 сўм туради. Демак, чиқиндига ёки йўл четига кераксиз пакетларни ташлаб кетиш осонроқ. Уларнинг аксарияти албатта аҳоли пунктларидан чиқинди полигонларига олиб келинади. Айни пайтда республика бўйлаб 221 та чиқинди полигони мавжуд бўлиб, уларнинг майдони 0,5 гектардан 70–80 гектаргача боради. Кўпчилик полигонларнинг фойдаланиш муддати 20–30 йилни ташкил этади. Тасдиқланган Ўзбекистон Республикасида қаттиқ маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш стратегиясига мувофиқ, чиқинди полигонларининг ҳолатини оптималлаштириш режалаштирилган. Унга кўра, республикадаги полигонлар сони қисқартирилиб, 59 таси қолдирилади.

Полигонларни қайта реконструкция қилиш кўзланган. Жаҳоннин етакчи давлатлари, маиший чиқинди полигонлари тўлгач, уларга газ олувчи трубалар ўрнатилади ва рекултивация қилинади. Яъни, чиқинди уюмларининг устидан тупроқ тортилади, дарахт ва ўсимликлар экиб кўкаламзорлаштирилади ҳамда давлат ер фондига қайтарилади. Аммо бунгача ҳали борю Ноқонуний чиқиндихоналар эса тобора кўпаймоқда.

Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси ўринбосари Ислом Боқижоновнинг таъкидлашича, “ 2018 йил 6 минг , 2019 йил 10 мингдан ортиқ, 2020 йил 9 ой ичида 20 мингдан зиёдроқ чиқиндиларни белгиланмаган жойларга ташаш бўйича маъмурий ҳуқуқбузарликлар аниқланган”

Чиқиндихоналар ичида кўплаб хавфли чиқиндилар ҳам мавжуд: батарейкалар ичидаги симоб, флюорисцент лампалардаги фосфор-карбонатлар ва маиший эритмалардаги токсик кимёвий моддалар, буёқлар, ёғоч буюмларни асраш учун ишлатиладиган турли хил кимёвий қопламалар бунга мисол бўла олади. Чиқиндиларнинг кўпайишига асосий сабаблардан бири аҳоли эҳтиёжларини қондирадиган буюмларнинг ишлатиладиган муддатининг қисқалигидир. Бир марталик қоғоз ва пластик идишлар, кийимлар, бошқа буюмлардир. Чиқиндиларни қайта ишлаш бугунги кунда замон талабидир. Айниқса бу муаммо саноати ривожланиб бораётган шаҳарларда долзарбдир. Айни пайтда йирик шаҳарлар чиқиндиси унинг ташқарисига олиб чиқилиб ташланади. Ривожланган мамлкатларда қайта ишланишга яроқсиз материаллар эса биогаз, биоқувватга айлантирилади.

Биздачи? Ўзбекистонда фақатгина пластик, қоғоз, полиэтилен, шиша, картон қайта ишланади. Ўзида заҳарли кимёвий моддаларни мужассам этган маиший чиқиндилар, батарейкалар афссуки қайта ишланмайди. Улар ҳаттоки сараланмай, умумий чиқиндилар билан полигонга чиқариб ташланади. Чиқиндиларнинг чириш муддати эса уч авлодни ортда қолдиради.

Айтиш жоизки сўнгги йилларда уйда ишлатиладиган товарлардан чиқаётган чиқиндилар ичида инсон ҳаётига нисбатан хавфлиси 45 фоизни ташкил этади. Булар батарейкалар, буёқлар, ёғ ва буёқни эритувчилар, пестицидлар, таркибида фософор бўлган элементлар, флюорисцент лампалар ва ҳоказо. Ахлатхонага ташланган бундай чиқиндилар ер усти ва ер ости сувларини заҳарлайди, инсон саломатлигига хавф солади.

Маҳаллий бошқарув ва ўз-ўзини таъминлаш Сан-Франциско институтининг ходими Д.Мориснинг фикрига кўра, дунёнинг ҳар бир шаҳри йирик металл конига нисбатан, кўпроқ металга эга. Бугунги кун масаласи чиқиндига чиқариб ташланадиган шаҳар металини самарали равишда қайта ишлаш ва қўллашдан иборат. Чиқиндиларни қайта ишлаш бир неча баробарга электр энергияси ва сувдан фойдаланишни камайтиради. Масалан, алюминийни боксит ўрнига чиқиндидан ажратиб олиш электр қувватининг сарфи ва атроф-муҳит ифлосланишини 95 фоизга камайтиради. Макулатурадан қоғоз олиш эса нафақат дарахтлари кесилишидан асрайди, балки электр қувватининг сарфини тўртдан уч қисмга камайтиради. Яъни 1 тонна қоғозни қайта ишлаб чиқаришга уни ёғочдан тайёрлаш учун кетадиган сувнинг ярми сарф бўлади, холос. Шунингдек, кундалик ишлатиладиган буюмлар муддатини узайтириш, селофан халталар ўрнига матодан тикилган халталардан фойдаланиш, бир марталик идишлар қўлланилишини камайтириш ҳам чиқиндилар ҳажмини камайтирилишига олиб келади. Бундан ташқари янги буюмлар ишлаб чиқарилишига кетадиган қувватнинг қайта ишлаб чиқиш натижасида камайиши бугунги кунда долзарблашиб бораётган иссиқхона эффектининг пайдо бўлиши ҳамда кислотали ёмғирларнинг ёғишини олдини олишга ёрдам беради.

Бугунги кунда Ўзбекистонда чиқиндиларни бартараф қилиш масаласи 2002 йилда қабул қилинган “Чиқиндилар тўғрсида”ги қонун (ҳозир ўзгартирилмоқда). Президентнинг 2017 йил 21 апрелда қабул қилинган “2017–2021 йилларда маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори билан маиший чиқиндиларни ташиш билан шуғулланадиган “Тоза ҳудуд” ДУК ва кластерлар ташкил этилган эди. Мазкур қарорга асосан, аҳоли пунктларида чиқиндиларни вақтинчалик сақлаш пунктлари қурилиб, ишга туширилди. Санитар тозалаш тизимлари замонавий техникалар билан таъминланди.

2019–2028 йиллар даврида Президентнинг 17.04.2019 йилдаги тегишли қарори билан Ўзбекистон Республикасида қаттиқ маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш стратегияси тасдиқланди. Унга кўра:

  • аҳолининг қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича хизматлар билан тўлиқ қамраб олинишини таъминлашга йўналтирилган санитария жиҳатидан тозалаш инфратузилмасини ривожлантириш;
  • қаттиқ маиший чиқиндиларни қайта ишлашнинг самарали ва замонавий тизимини яратиш;
  • полигонларга кўмиш учун йўналтириладиган қаттиқ маиший чиқиндилар ҳажмини камайтириш, санитария ва экологик меъёрлар талабларига мувофиқ келадиган замонавий қаттиқ маиший чиқинди полигонларини яратиш, шунингдек, мавжуд полигонларни ёпиш ва рекультивация қилиш бўйича чора-тадбирларни кўриш;
  • санитария жиҳатидан тозалаш соҳасида нархлар шаклланишини такомиллаштириш ва тарифларни оптималлаштириш;
  • қаттиқ маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш объектларидан муқобил энергия манбалари сифатида фойдаланиш.

Ҳужжатнинг принципларидан бири — «ифлослантирувчи тўлайди». Чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш бўйича харажатлар чиқиндиларни ҳосил қилувчилар томонидан қопланишини кўзда тутувчи ҳуқуқий ва иқтисодий асослар яратилади.

Стратегия икки босқичда амалга оширилади:

2019–2021 йй. — қаттиқ маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасидаги қонунчилик базасини ва иқтисодий тартиботлар механизмларини такомиллаштириш, қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича хизматлар кўрсатишнинг самарали ташкил этилишини таъминлаш мақсадида санитария жиҳатидан тозалашнинг моддий-техник базасини ва инфратузилмасини ривожлантириш, тўлов интизомини мустаҳкамлаш, қаттиқ маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасида экологик таълим тизимини ривожлантириш учун методик ва ахборот таъминотини яратиш;

2022–2028 йй. — қаттиқ маиший чиқиндиларни саралаб йиғиш бўйича инфратузилмани ривожлантириш, полигонларни оптималлаштириш, қайта юклаш станциялари ва чиқиндиларни қайта ишлаш объектларини қуриш, чиқиндилар билан боғлиқ ишларни комплекс амалга ошириш кластерлари фаолиятини такомиллаштириш, уларнинг қаттиқ маиший чиқиндиларни қайта ишлаш бўйича салоҳиятини ривожлантириш. Ушбу босқичда қуйидаги мақсадли индикаторларга эришиш режалаштирилмоқда:

  • аҳолини қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича хизматлар билан қамраб олишни 100%га етказиш;
  • ҳосил бўладиган қаттиқ маиший чиқиндиларнинг камида 60%ини қайта ишлашни таъминлаш;
  • ўзига хос қаттиқ маиший чиқиндиларни (таркибида симоб бўлган чиқиндилар, автошиналар, аккумуляторлар, ишлатилиб бўлинган мойлар, қадоқлаш чиқиндилари ва ҳ.к.) қайта ишлаш ҳажмини 25%гача ошириш;
  • полигонларга кўмиш учун йўналтириладиган қаттиқ маиший чиқиндилар ҳажмини 60%гача камайтириш;
  • барча полигонлар ҳолатини ўрнатилган талабларга мувофиқлаштириш, ёпилган полигон ерларини тўлиқ рекультивация қилиш;
  • қаттиқ маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш объектларида муқобил энергия манбаларидан 35%гача фойдаланиш;
  • полигонлар ҳолати мониторингини (ер ости (сизот) сувлари ва атмосфера ҳавосининг ҳолати устидан назорат) 100%гача таъминлаш.

Стратегияни амалга ошириш бўйича Ҳаракатлар дастурида ушбу соҳага оид аниқ инвестиция лойиҳалари назарда тутилган. Уларни амалга оширишга бюджет маблағлари ва халқаро молия институтларининг хусусий секторга жалб қилинган маблағлари сарфланади.

Бундан ташқари, Вазирлар Маҳкамасининг 22.02.2021 йилдаги «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Маиший ва қурилиш чиқиндилари билан боғлиқ ишларни бошқариш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 29 сентябрдаги ПҚ-4845-сон қарори)»ги 88-сон ва бошқа қарорлар билан мувофиқлаштирилади. Қарор Президентнинг 29.09.2020 йилдаги «Маиший ва қурилиш чиқиндилари билан боғлиқ ишларни бошқариш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-4845-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида қабул қилинган. Унга кўра, қуйидаги ҳужжатларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди:

  • Маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш бўйича хизматлар кўрсатишни ташкил этиш учун ҳудудларни тадбиркорлик субъектларига бириктириш тартиби тўғрисидаги низомга (25.09.2018 йилдаги 765-сон ВМҚ билан тасдиқланган);
  • Санитария жиҳатидан тозалаш инфратузилмаси объектларини жойлаштириш ва улардан фойдаланиш ҳамда маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш қоидаларига (2.10.2018 йилдаги 787-сон ВМҚ билан тасдиқланган);
  • Қаттиқ ва суюқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича хизматлар кўрсатиш қоидаларига (6.02.2019 йилдаги 95-сон ВМҚ билан тасдиқланган);
  • Санитария жиҳатидан тозалашга ихтисослаштирилган давлат ташкилотлари ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш ва уларни моддий рағбатлантириш тартиби тўғрисидаги низомга (6.02.2019 йилдаги 95-сон ВМҚ билан тасдиқланган).

Дармон Ибрагимов, “Спорт” телеканали директори ўринбосари. -Мамлакатимизда чиқинди муаммосини ечиш айнан тадбиркорларимиз эътиборини мазкур муаммога қаратишда деб ўйлайман. Чиқиндини қайта ишлайдиган корхоналар сонини кўпайтириш билан биргаликда, ривожланган мамлакатлар сингари чиқиндини саралашни аҳолига ўргатиш ва юртдошларимизни бу борадаги маданиятини ошириш зарур.

Нодира Алимова, “Қалб нури” ННТ раҳбари:

-Муаммо тобора юртимизда долзарблашиб бормоқда. Уни бартараф этишнинг бир қанча йўллари мавжуд. Шулардан бири чиқиндини қайта ишловчи корхоналарни кўпайтириш, чунки уларни саралагани билан яна битта ахлатхонага олиб бориб ташлаш бирор бир самара бермайди. Бундан ташқари айнан кўчага ахлат ташлаганлик учун катта миқдордаги жарималарни жорий этиш ва уларни амалга оширилишини назорат этиб бориш ҳам фойдадан ҳоли эмас. Буни Сингапур мисолида ҳам кўриш мумкин. Чиқинди муаммоси ва аҳолининг бу борадаги хатти-ҳаракати юқори жарималар орқали ҳал этилди ва ҳозирда у дунёнинг энг тоза мамлакатларидан бири ҳисобланади. Бундан ташқари ҳозир кўплаб ташланаётган турли хил эски маиший техника таркибидан зарур металларни ажратиб олиш мумкин. Бунга ихтисослашган корхоналар очиш лозим.

Ўзбекистонда маиший чиқинди муаммоси аксарият ҳолатда чиқинди қутиларнинг етишмаслиги билан ҳам боғлиқ. Бу муаммони ҳал қилиш учун Инновацион ривожланиш вазирлиги қошидаги Илғор технологиялар марказининг Тижоратлаштириш ва технологиялар трансфери бўлими етакчи мутахассиси Рустам Ибрагимов Ecocity чиқинди қутиларини ишлаб чиқди.Рустам Ибрагимовнинг тушунтиришича, битта қутининг алоҳида 3та тортмачалари бўлиб, улар калит билан очилади. Калит эса универсал қилиб ясалади ва кейинчалик ўрнатиладиган ҳар бир қутини у билан очса бўлади. Чиқинди қутиларининг ҳар бирига LED экранлар ўрнатилган, лекин улар ортиқча сарф-харажат талаб қилмайди. Сабаби қутиларнинг юқори қисмига қуёш батареялари ўрнатилади.Экранларда чиқиндини тўғри келган ерга ташлаш тўғри эмаслиги ҳақида ижтимоий роликлар ва турли рекламалар жойлаштирилади. Рекламалар учун тадбиркорлар тўлаган пулни эса чиқиндиларни олиб кетадиган ҳудудий ободонлаштириш бошқармалари ходимларига иш ҳақи сифатида бериш, кейинги қутиларни ўрнатишга сарфлаш мумкин. Ягона инновацион чиқинди қутига кузатув камераси ўрнатилган, кейинчалик ўрнатиладиганларини ҳам кузатув камералари билан жиҳозлаш режалаштирилган.

Яна бир муаммо қурилиш чиқиндилари. Хўш, қурилиш чиқиндилари қаерга ташланади? Афсуски, Ўзбекистонда қурилиш чиқиндиларини қабул қиладиган полигонлар йўқ. Айнан ноқонуний чиқиндихоналар қурилишдан чиқаетган қолдиқлардан ташкил топмоқда. Масалани Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси Чиқиндилар билан ишлаш соҳасида ишларни мувоқифлаштириш ва ташкил этиш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Жамшид Ишчанов шарҳлади:

Япония. Японияда 90% чиқинди қайта ишланади. Ҳар бир фуқаро хонадонидан чиққан чиқиндиларни ташлашдан олдин саралайди. Ноқонуний ташланган чиқинди катта жарима тўланишига сабаб бўлади.

Испанияда машина деразасидан ахлат улоқтирганлик учун 200 евро, сигарет қолдиғини йўлакка ташлаш 90 евро миқдорда жаримага асос бўлади. Германияда ахлоқсиз фуқароларни “чиқинди изқуварлари” ушлашади. Кўчаларда ўрнатилган видеокамераларда қайд этилган хатти-ҳаракат махсус қутига ташланмаган ахлат учун 100 еврогача жарима тўлашга асос бўлади. Сигарет қолдиғи, музқаймоқ ёки конфет қоғози, салқи ичимлик шишасини ерга ташлаш 20 евро, сақични, қолдиқ овқатларни улоқтириш 35 еврони ташкил этса, эски мебель, электрон техникани ташлаганлик учун 150дан 600 еврогача жарима тўлашга тўғри келади. Швецияда ерга ташланган қоғоз унинг эгасига 90 евро, Сингапурда эса 300 дан 1000 долларга тушади.

Чиқиндилар билан курашиш ҳар биримизнинг вазифамиз. Фарзандларимиз учун ифлос дунёни эмас, балки тоза, ям- яшил келажакни барпо этиш ўз қўлимизда.

Наргис Қосимова, журналист