Глазгода иқлим ўзгариши бўйича БМТнинг бутунжаҳон конференцияси бўлиб ўтмоқда

31-октябрдан 12-ноябргача Шотландиянинг Глазго шаҳрида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Иқлим ўзгариши бўйича доиравий 26-конференцияси (COP26) бўлиб ўтмоқда .Иқлим ўзгаришини олдини олиш бўйича  Конвенция 1992 йилда қабул қилинган эди.

 

Конференцияда жаҳоннинг етакчи мамлакатлари глобал исишнинг олдини олиш ва атмосферага зарарли чиқиндилар миқдорини камайтириш чора-тадбирлари тўғрисида ҳисобот беришади. Одатда конференциялар ҳар йили ўтказилади, аммо 2020 йилда пандемия сабабли тадбир қолдирилган эди. COP26 доирасида 1 ва 2 ноябр кунлари дунёнинг 120 дан ортиқ давлат ва ҳукумат раҳбарлари иштирокида жаҳон етакчиларининг саммити  бўлиб ўтди. Умуман олганда, анжуманда 25 мингга яқин киши иштирок этиб, COP26 расман 12-ноябрда тугаса-да, ўтган йиллар тажрибаси шуни кўрсатдики, музокаралар яна бир неча кунга чўзилиши мумкин.

 

Ушбу конференция сайёрамиз келажаги учун курашишда бурилиш нуқтаси ва 2015 йилда COP21 да  иқлим бўйича Париж келишуви қабул қилинганидан бери энг муҳим воқеа бўлиши лозим. Давлатлар эмиссияларни камайтириш ва глобал ўртача ҳароратнинг ошишини чеклаш бўйича аниқ мажбуриятларни олишган бўлсада, бу  мажбуриятлар тўлиқ бажарилмади.

Бундан ташқари, БМТ маълумотларига кўра, давлатлар ўзгарувчан иқлимга мослашишни янада жиддий молиялаштириш бўйича келишиб олишлари, яъни инфратузилмани янгилаш ва экстремал об-ҳаво шароитидан огоҳлантириш тизимларини ишлаб чиқиш учун сармоя киритиш керак. Умумий “иқлим” харажатларининг ярмидан кўпи ушбу мақсадларга йўналтирилиши керак, аммо ҳозирча сармоялар умумий инвестицияларнинг атиги 21 фоизини ташкил этади – йилига тахминан 16,7 миллиард доллар. Бундан ташқари, БМТ дунё ҳар йили ривожланаётган мамлакатларга “яшил” технологияларга сармоя киритиши мумкин бўлган 100 миллиард доллар ажратишини таъкидламоқда.

Иқлим ўзгариши аллақачон инсоният учун асосий таҳдидга айланган

Глобал исишнинг асосий сабаби айнан инсон фаолияти эканлигини мутахассислар исботладилар. Ҳароратнинг кўтарилиши иссиқхона газларининг кўплаб атмосферага ташланиши натижасидир. Бу   ўтган йили рекорд даражага етди. Сайёра учун ҳалокатли таҳдид янги ўлчамларга эга бўлиб,  зудлик билан чора кўриш лозим.  Агар Париж келишуви мақсадларига эришилмаса, дунё “ҳароратнинг жаҳаннам кўтарилиши” билан юзма-юз бўлади, дея таъкидлади БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш.

Наргис Қосимова

☘️ Каналимизга уланинг https://t.me/ekologuz

Каналимизга савол ва экомуаммолар учун мурожаат @eklguz_bot