Чотқол биосфера давлат қўриқхонасининг Ташриф маркази иш бошлади

Тошкент вилоятининг Паркент туманида БМТТД, Глобал экологик фонд (ГЭФ) ва Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан  “Глобал аҳамиятга эга биохилма-хиллик учун аҳамиятли асосий тоғли ҳудудларда табиий ресурслардан барқарор фойдаланиш ва ўрмонларни бошқариш” қўшма лойиҳаси доирасида  Ташриф марказининг очилиши бўлиб ўтди.

Лойиҳа биохилма-хилликни асраш масалаларини ҳал қилишда, жумладан Ғарбий Тянь-Шань (Чотқол, Пском, Угом ва Қурама тоғ тизмалари) ва Помир-Олтой (Ҳисор, Туркистон ва Зарафшон тоғ тизмалари) каби, йўқолиб бораётган илвирс учун яшаш жойи ҳисобланадиган ва унинг асосий ўлжалари учун яшаш муҳитини таъминловчи тоғли экотизимларни  ҳимоялаш борасидаги ишларга қўллаб–қувватлашдан иборат.

Ташриф марказини очиб берган БМТТДнинг Ўзбекистондаги доимий вакили Матильда Димовска ўз сўзида бутун дунёда экологик муаммолар  долзарблашаётган, иқлим ўзгариши сезиларли  равишда атроф-муҳитга салбий таъсир кўрсатаётган бир пайтда Ўзбекистон Республикаси Президентининг мазкур муаммоларга эътибор қаратиши, 200 млн дона дарахт экиш акциясининг  старт олиши  табиатсеварларни қувонтиришини қайд этди. Шу билан биргаликда янги барпо этилган Ташриф маркази  ўқувчи-ёшлар нафақат бугунги кунда  бутун дунёда кам қолган, Халқаро Қизил китоб рўйхатидан жой олган қор қоплони ҳақида маълумотларга эга бўлиш, қўриқхонага яқин жойларда яшайдиган аҳолининг экологик билимини ошириш йўлида муҳим қадам бўлиб хизмат қилишини таъкидлади.

Ташриф маркази бир неча заллардан иборат бўлиб, фойеда иккита ҳудуд: Чотқол давлат биосфера қўриқхонаси ва Угом-Чотқол давлат биосфера резервати қўриқхона ҳудудининг макетлари жойлашган. Мазкур муҳофаза қилинаиган ҳудудлар ЮНЕСКО Бутунжаҳон мероси мақомига эга ва Бутунжаҳон биосфера резерватлари тармоғига киритилган.

Иккинчи зал энг ноёб ва кам ўрганилган ҳайвонот тури – илвирс (қор қоплони)га бағишланган. Бу ерда илвирс муляжи ва ушбу йиртқичнинг биологик хусусиятлари ҳамда хатти-ҳаракатлари тавсифланган стенд тақдим этилган. Залга ташриф буюрганлар илвирснинг тарқалиши харитаси билан, ушбу тур популяциясининг қисқаришига таъсир кўрсатадиган инсон томонидан таҳдидлар билан танишишлари мумкин. Кейинги залга олиб борувчи даҳлизда қўриқхона чегараларининг ойнаванд чизмаси ва ушбу ҳудудда яшайдиган турли ҳайвонларнинг панжа излари қўйилган. Бу ерда яна қўриқхона ҳақида қўшимча ахборот олиш имконини берувчи QR-кодли виртуал флайер ҳам жойлашган.

 Кейинги залда қадимда инсон яшаган ҳудудлар тарихи очиб берилган. Бу ерда петроглифлар фотосуратлари, қазиш даврида топилган қадимги асбоб-анжомлар, турли даврларга оид кулолчилик буюмлари тақдим этилган. Мажлислар залида ЮНЕСКО бутунжаҳон тармоғига киритилган биосфера резерватлари харитаси, шунингдек Чотқол давлат биосфера қўриқхонаси тўғрисидаги ахборотли стенд ва ушбу табиатни муҳофаза қилиш ҳудудининг халқаро мақоми ҳақида ҳикоя қилувчи стенд жойлаштирилган.

Чотқол давлат биосфера қўриқхонаси маъмуриятининг биноси шўро даврида, 1976-1979  йилларда қурилган ва ўшандан буён Ташриф марказининг қайта қурилиши амалга оширилмаганди. БМТТД тоғ биохилма-хиллигини асраш лойиҳаси билан биргаликда, мактаб ўқувчилари, талабалар келиши учун жозибадорлигини ошириш мақсадида, ҳудудни ташриф буюрувчилар учун замонавийлаштиришга қарор қилинди.

Тадбирда Димовски хоним ва Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раисининг ўринбосари Жусипбек Казбековлар биргаликда Марказ ҳудудига дарахт экишди.

Ташриф маркази очилишида Халқаро илвирс кунига бағишланган ва 2021 йил сентябрь-октябрь ойларида ўтказилган ижодий танловлар ғолибларини тақдирлаш маросими ўтказилди. Танлов иштирокчилари республикадаги умумтаълим мактаблари ўқитувчилари, Ўзбекистоннинг турли ҳудудларидан мактаб ўқувчилари, талабалар, блогерлар, ННТ ходимлари ва бошқа кўплаб кишилар бўлдилар. Танлов иштирокчилари ўз ишлари орқали табиатнинг асл тароватини сақлаб қолишга, илвирсни муҳофаза қилишга даъват қилдилар ва қўриқланадиган ҳудудлар ҳамда давлат муҳофазаси остидаги ҳайвонот турлари тўғрисида кенг кўламда хабардор қилишга чорладилар. Учта танловда аниқланган ғолибларга ноутбуклар, фото-видеокамералар, смарт соатлар, планшетлар ва бошқа совғалар тақдим этилди.

Наргис Қосимова