ЭКОИНСПЕКТОРЛАР НЕГА ҚУРОЛЛАНМАГАН?

Тахтакўпир туманида 14 бош жайрон ва 5 дона ёввойи қуёнларни овлаган браконьерлар қидирилайётгани ҳақида  кўпгина ОАВлар ёзди. Ижтимоий тармоқларда постлар қўйилди.  Вовеа эса бундай бўлган эди. Жорий йилнинг 12 декабрь куни Экология  қўмитасининг Нукус шаҳар, ТахиатошТахтакўпир тумани инспекторлари Тахтакўпир туманида тезкор рейд тадбирини ўтказган. Унда соат тахминан 14:00ларда Тахтакўпир тумани “Қоныраткол” ОФЙ чўл ҳудудида инспекторлар томонидан номаълум шахслар “Уаз 469” русумли ранги кулранг автомашина билан турганлиги аниқланган. Номаълум шахслар инспекторларнинг яқинлашаётганлигини кўриб, воқеа жойидан яширинган. Инспекторлар номаълум шахсларнинг 5 км масофагача изидан борган. Шунга қарамай браконьерлар инспекторлардан қочиб кетишга улгурган. Тахтакўпир тумани чўл зонасининг “Тасберген” кран атрофида инспекторлар томонидан номаълум шахслар турган жой кўздан кечирилганда воқеа жойига отилган патрон гилзаси, идиш-товоқ, хўжалик буюмлари бўлган пичоқ, болта, ёқилғи, кийим-бошлар ҳамда “Қизил китоб”га киритилган 14 бош жайрон, 5 дона ёввойи қуён жасадлари ташлаб кетилгани аниқланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Орол табиатни муҳофаза қилиш прокуратураси томонидан терговга қадар текшириш ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Шу ўринда бир фикр. Албатта  Қизил китобга киритилган  жонивор овчилари доимо яхши қуролланганбўлиб, тезюрар автоуловларда  юришади. Бизга обуначимизнинг хабар беришича аксарият ҳолатда экоинспекторлар ўз ёнидан ёнилғига пул сарфлаб рейдларга чиқишади.  Ойлик маош эса ҳаминқадар. Айнан экологик ҳуқуқбузарликларнинг олдни олишга қаратилган чора-тадбирлар натижасида бюджетга миллиардлаб пул туширилади, аммо унинг хаттоки ярми ҳам қайтиб  атроф-муҳит муҳофазасига берилмайди. Бундан ташқари экоинспекторларга  ёнида қурол олиб юриш мумкин эмас! Браконьерларни экоинспекторлар фақатгина  гувоҳномасини кўрсатиб қўрқитадими? Нега Миллий гвардия, Ички ишлар, ДАН, божхона ходимлари нинг маошлари ҳам  анча юқори,  барчаси тўлиқ қурол, жиноятчиларни ушлаш учун зарур анжомлар билан таъминланади-ю, экоинспекторларга ҳукуматимиз  угай кўз билан қараб келмоқда?

-Иш аҳлидан кўчган, соҳа мутахассиси кам, 25 йилдан ошиқ тажрибаси бор экологлар штат қисқартирилишига туширилади, соҳани жонкуяри йўқ, аччиқ хақиқатларни кўтариб чиққан инспектор ёки ротация деб қўрқитилади ёки ишдан бўшатилади. Асосий иш туманларда Республика қўмитамизни кўтараётган туман инспекторлари, солиқ ва бошқа органлар ишини такрорловчи тизим бўлиб қоляпмиз. Қонун билан белгиланган асосий вазифамиз атроф- муҳитни муҳофаза қилиш-ку.

ИИБ, Прокуратура, Солиқ ёки бошқа назорат органида соҳага оид маълумоти йўқлар ишлай олмайди. Чунки соҳани тушунмайди. Экологиядаэса  бемалол мутахассис бўлмаганлар ишга олинади.  Бу табиатни келажакучун асраб қола олмаймиз дегани, дейди экоинспектор Шерзод  Саломов.

Браконьерлик ҳолатларини камайтириш учун жиноятчиларрни фақатгина  жаримага тортиш эмас, балки уларнинг қуролларини, керак бўлса автомашиналарини ҳам мусодара қилиб, уларни ўша ҳудуд Экология ва атроф-муҳит муҳофазаси бошқармалари тасарруфига ўтказиш керак. Экологияга келганда бюджет пули етмаётган бўлса, ҳеч бўлмаганида муаммони қисман бўлсада шу тариқа ҳал қилиш керак.

Наргис Қосимова