Ўзбекистонда қурилиш ва уй-жой секторларининг яшил келажаги

Глобал исиш ва барқарор турмуш тарзига ўтиш мавзуси тобора долзарб бўлиб бормоқда. 2021-йилнинг ноябрь ойида Глазгода бўлиб ўтган Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Иқлим ўзгариши бўйича доиравий конвенцияси иштирокчиларининг 26-конференцияси (СOP 26) глобал ўртача ҳароратнинг 1,5 даражага ошишига йўл қўймаслик учун инсон фаолияти натижасида чиқадиган иссиқхона газларини камайтириш бўйича барча давлатлар томонидан шошилинч чоралар кўрилиши муҳимлигини яна бир бор таъкидлади. Иқлим ўзгариши бўйича Париж Битими мақсад ва вазифаларига эришиш учун Ўзбекистон миллий шарт-шароитлардан келиб чиқиб, 2030-йилгача ялпи ички маҳсулот бирлигига тўғридан-тўғри иссиқхона газлари эмиссиясини (2010 йил даражасидан) 35 фоизга камайтириш мажбуриятини олди.

Миллий даражада амалга оширилаётган қонунчиликдаги ўзгаришлар ва ислоҳотлардан ташқари, бир қатор халқаро ташкилотлар Ўзбекистоннинг 2030 йилгача яшил иқтисодиётга ўтиш ҳаракатларини қўллаб-қувватламоқда. 2017-йилдан БМТ Тараққиёт Дастурининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги билан ҳамкорликда ва Глобал экологик фонд (ГЭФ) грант маблағлари кўмагида “Ўзбекистонда энергия самарадор қишлоқ турар жой бинолари қурилишини ривожлантиришга кўмаклашиш” қўшма лойиҳаси амалга оширилмоқда. Лойиҳанинг асосий мақсади Ўзбекистон қишлоқ аҳолисини яхшиланган, арзон ва экологик тоза яшаш шароитлари билан таъминлашдан иборат.

Табиий ресурслардан самарали фойдаланиш – барча ишлаб чиқариш жараёнларида энергия самарадорлигини ошириш концепциясининг энг муҳим омилидир. Қайта тикланувчи энергия (ҚТЭ) манбаларидан кенг фойдаланиш нафақат атроф-муҳитга салбий таъсир кўрсатмайди, балки ёқилғи-энергетика ресурсларини тежаш имконини беради. ҚТЭдан самарали фойдаланиш, иситиш, иссиқ сув таъминоти ва ёритиш ҳамда зарур маиший техника воситаларидан фойдаланиш учун истеъмол қилинадиган табиий газ ва электр энергиясини тежагаш орқали аҳоли харажатларини камайтириш имконини беради.

Ўзбекистонинг қишлоқ жойларида энергия тежамкор ва кам углеродли уй-жойларни лойиҳалаштиришнинг асосий вазифаси атроф-муҳитни яхшилаш, мамлакат аҳолиси учун янада қулай ва соғлом турмуш шароитларини яратишдан иборат. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019-йил 22-августдаги Иқтисодиёт ва ижтимоий тармоқларнинг энергия самарадорлигини оширишга қаратилган ПҚ-4422-сон қарори энергия тежовчи технологияларни кенг жорий этиш ва қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишга хизмат қилмоқда. Президентнинг 2018-йил 14-ноябрдаги ПФ-5577-сонли Фармонига мувофиқ 2020-йил 1-январдан бошлаб барча уй-жой қурилиши обектлари лойиҳа-қидирув ва қурилиш-монтаж ишларини амалга ошириш босқичида энергия тежамкор ва энергия тежовчи ускуналар билан жиҳозланиши лозим. Лойиҳанинг кўмаги туфайли республика ҳудудларининг қишлоқ уй-жойлари қуришда энергия тежайдиган технологиялардан фойдаланиш, энергия тежамкорлигини оширади ва иссиқхона газлари чиқиндиларини камайтиради.

Энергия тежамкор ва кам углеродли турар-жой биноси – бу фойдаланиш жараёнида энергия ресурсларидан самарали фойдаланадиган, шу билан бирга хонадонларда кўпроқ қулайликни таъминлаш орқали иссиқлик ва электр энергияси кам истеъмол қилинадиган кўп қаватли турар-жой биносидир. Қулайлик, тежамкорлик ва барқарорлик энергия тежамкор ва кам углеродли турар-жой биноларини анъанавий бинолардан ажратиб туради. Бундай кўп қаватли бинолар ташқи кўринишидан одатий бинолардан фарқ қилмайди, аммо улар “яшил” қурилиш материаллари, ускуналар ва техник ечимлар ишлатилганлиги туфайли яшаш учун кўпроқ қулайлик яратади.

Бундай “яшил” биноларни лойиҳалашнинг асосий тамойили иссиқлик йўқотилишини камайтириш учун илғор технологиялардан фойдаланиш ва қайта тикланадиган энергия манбаларида, хусусан, қуёш энергиясида ишлайдиган маиший ускуналардан фойдаланиш ҳисобланади.

Quyosh batareyalari bilan jihozlangan to‘rt qavatli ET uy, Buxoro viloyati, G‘ijduvon tumani

Ушбу биноларни қуришда базалт толаси асосидаги минерал жундан тайёрланган иссиқлик изоляция материаллар қўлланилади. Бинонинг мустаҳкам изоляцияланган ташқи конструкциялари қишда иссиқ ва ёзда ёқимли салқинликни сақлайди.

Қишлоқ жойларидаги уй-жой давлат қуриш дастури доирасида 2020-йилда Тошкент, Наманган, Бухоро, Қашқадарё вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасида қурилган 22 та тўрт қаватли 24 хонадонли уйларнинг томида, ГЭФ грант маблағлари ҳисобидан “яшил ипотека” асосида, 600 ватт қувватга эга қуёш фотоэлектр тизимлари (қуёш панеллари) ўрнатилган. Ушбу қурилмалар хонадонларни ёритиш, қувватлаш мосламалари, телевизор ва музлатгич учун электр энергияси билан таъминлайди.

Қурилган кам углеродли кўп қаватли уйларда оилалар яшамоқда. Бухоро вилояти Ғиждувон туманидаги шундай хонадонлардан бирининг эгаси Феруза Шокирова ўзининг яшаш тажрибаси ҳақида шундай дейди: “Ушбу уй ҳам, бизнинг хонадонимиз ҳам қулай ва тежамкор. Бу йил биз истеъмол қилинган табиий газ ва электр энергияси учун тўловларни сезиларли даражада тежадик. Биз асосан қуёш панеллари энергиясидан уйларимизни ёритиш, телевизор томоша қилиш ва шахсий қурилмаларни зарядлаш учун фойдаланамиз”.

Feruza Shokirova, to‘rt qavatli ET uy yashovchisi. G‘ijduvon tumani, Buxoro viloyati

Феруза Шокированинг қўшниси Мадина Нурчаева бундай уйда электр таъминотида муаммо йўқлигини таъкидлади. “Яна бир афзаллиги шундаки, уйлардаги ҳарорат осонгина назорат қилинади. Ҳеч қандай қизиб кетиш йўқ, қишда ва ёзда қулай ҳарорат сақланади”, дейди Мадина.

Бухоро вилояти Пешку туманидаги “Навбаҳор” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги кам таъминланган оилалар ва жисмоний имконияти чекланган фуқароларга 20 йил муддатга имтиёзли ипотека кредити асосида хонадонлар берилмоқда. “Қизим Раъно билан шундай уйда имтиёзли ҳонадон сотиб олганимиздан хурсанд бўлдик, – дейди Навбаҳор маҳалласидаги энергия тежамкор ва кам углеродли 22-уйда яшовчи Раҳима Салимова. – Кундалик эҳтиёжимиз учун қуёш панелларидаги электр энергиясидан фойдаланамиз. Бундан ташқари, маҳаллий маиший техника ушбу қуёш баратеялари қувватида ҳеч қандай муаммосиз ишлайди. Бу бизнинг оилавий бюджетимиз учун катта тежамкорликдир”. Қурилиш соҳаси вакиллари таъкидлашича, мамлакатимизда, айниқса, қишлоқ жойларда бундай лойиҳаларнинг амалга оширилиши иқтисодиёт барқарорлиги, жамият фаровонлиги ва қулай муҳитни таъминлаш, аҳоли турмуш даражасини юксалтиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Rahima Salimova, to‘rt qavatli ET uy yashovchisi. Peshqun tumani, Buxoro viloyati

“Қуёш панелларини ўрнатиш – аҳолининг яшаш шароитини яхшилашнинг ажойиб ечими, – дейди Қорақалпоғистон Республикаси Амударё вилояти Гулзор маҳалласидаги энергосамарадор уйидаги хонадон соҳибларидан бири Зафаржон Отамуратов. – Электр таъминотидаги узилишлар билан боғлиқ муаммоларимиз йўқ. Барча хонадон эгалари бундан хурсанд.”

Qoraqalpog‘iston Respublikasi, Amudaryo viloyati, Gulzor mahallasidagi to‘rt qavatli quyosh batareyali ET uy

2021-йилда Ўзбекистонда 30 минг энергия тежамкор ҳонадон қурилиб, фойдаланишга топширилди. Айни пайтда Ўзбекистоннинг қишлоқ жойларида қуриладиган энергия тежамкор уйларда яна 60 минг хонадон фойдаланишга топшириш бўйича 2022-йилга мўлжалланган Давлат дастури ишлаб чиқилмоқда.

Фотима Чориева