Атроф муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарлик кучайтирилди

Мазкур Қонуннинг асосий мақсади – атроф муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан, шу жумладан ичимлик сувидан оқилона фойдаланиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, уларни олдини олиш, аниқлаш ва чек қўйиш бўйича ҳуқуқий механизмларни такомиллаштиришга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш орқали мавжуд қонунчилик нормаларини янада такомиллаштиришдан иборатдир.

Айтиш жоизки, Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлардан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш соҳасидаги ишлар таҳлиллари шуни кўрсатмоқдаки, кейинги йилларда мазкур соҳада қонунчилик талабларининг бузилиши ҳолатлари кўпаймоқда. Айниқса, сув объектларини ифлосланиши, булғаниши, тупроқ эррозияси натижасида саёзланиши, шунингдек қулай сув режимини сақлаб туриш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларнинг сони ошмоқда.

«Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тўғрисида»ги Қонуннинг
41-моддасига асосан (Сувни муҳофаза қилиш зоналарининг, соҳилбўйи минтақаларининг, сув объектлари санитария муҳофазаси зоналарининг ҳамда ер усти ва ер ости сувлари ҳосил бўлиш зоналарининг режими) соҳилбўйи минтақаларида сув хўжалиги объектларини қуришдан ташқари, ҳар қандай турдаги қурилиш таъқиқланган. Лекин, жойларда бу талаб бажарилмаяпти. Соҳилбўйи минтақаларида яшаш учун мўлжалланган бинолар ва умумий овқатланиш объектлари ва бошқа қурилишлар қилинмоқда.

Мисол учун, Тошкент шаҳар ҳудудидан оқиб ўтувчи 128 та канал ва суғориш тармоқларининг узунлиги 412,5 км.ни ташкил этиб, сув ўтказиш ҳажми секундига 1 м3 дан 110 м3 гачани ташкил этади. Ҳозирги вақтда юқорида қайд этилган сув тармоқларининг қирғоқ бўйи минтақаларида жойлашган 1300 дан ортиқ объект ва қурилмалар «Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тўғрисида»ги Қонуннинг талабларини бузган ҳолда жойлаштирилган. Тошкент шаҳрининг Юнусобод, Шайхонтохур ва Учтепа туманлари ҳудудидан оқиб ўтувчи «Бузсув» канали қирғоқ минтақаси айрим жойларда ўзбошимчалик билан ўраб олинган, 180 дан ортиқ объект ва иншоотлар, шу жумладан турар жой бинолари, молхона, умумий овқатланиш ва савдо объектлари курилган бўлиб, антисанитария шароитлари кузатилмоқда. Буларнинг барчаси, сув объектларини чўкиндилардан тозалаш учун мўлжалланган техникаларнинг кириши ва ишлашига ҳамда қулай сув режимини таъминланишига тўсқинлик қилмоқда.

Яна ҳудди шундай Қонуннинг 41-моддаси талабларига кўра, сувни муҳофаза қилиш зоналарида ва қирғоқ бўйи минтақаларида канализация- тозалаш иншоотлари ва оқава сувлар тўпланадиган иншоотларини қуриш тақиқланган бўлсада, лекин бу талаблар ҳам бажарилмасдан келмоқда.

Қирғоқ бўйида жойлашган, ўзбошимчалик билан қурилган объект ва иншоотлардан дарё ва сой ўзанларига маиший ва бошқа чиқиндилар, шунингдек оқава сувлар ташланмоқда. Бунинг оқибатида, бевосита инсон ҳаёти ва соғлиғига, атроф муҳитга хавф туғидирмоқда.

Масалан, Тошкент шаҳрининг Юнусобод, Мирзо Улугбек, Яшнобод, Миробод, Яккасарой ва Сергели туманларидан оқиб ўтган «Салар», «Катта Толариқ» ва «Қорасу» каналларининг сувни муҳофаза қилиш зонасида ўзбошимчалик билан 25 та хожатхоналар қурилган. Турли объектлардан каналларга оқава сувларни ташлаб қўйилганлиги бўйича 150 та холатлар аниқланган.

Мазкур холатлар асосан муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларини бузганлик учун маъмурий жазо чораларнинг етарли эмаслиги ва самараси пастлигидан келиб чиқмоқда.

Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг

72-модда: Сувларни ифлослантириш ёки булғатиш, сувтўплагич иншоотларида сувни муҳофаза қилиш режимини бузиш — «фуқароларга энг кам иш ҳақининг уч бараваридан беш бараваригача, мансабдор шахсларга эса — беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади»;

Корхоналар, коммунал ва бошқа объектларни сувларнинг ифлосланиши ва булғаниши ёки уларнинг зарарли оқибатлари олдини олувчи иншоотлар ва қурилмаларсиз фойдаланишга топшириш, шунингдек сув объектларининг табиий ҳолатини бузувчи бошқа ҳаракатлар қилиш — «мансабдор шахсларга энг кам иш ҳақининг беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади»;

Ушбу модданинг биринчи, иккинчи ёки учинчи қисмларида назарда тутилган ҳуқуқбузарликлар маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса – «фуқароларга энг кам иш ҳақининг етти бараваридан ўн бараваригача, мансабдор шахсларга эса — ўн беш бараваридан йигирма бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади»;

74-модда: Табиий сув оқимлари (жилғалар, сойлар, дарёлар ва бошқалар), сув ҳавзалари (кўллар, денгизлар, ер ости сувли қатламлари) ва бошқа табиий сув объектларидан олинадиган сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли қоидаларини, сув олиш лимитларини бузиш, шунингдек лойиҳада назарда тутилган балиқларни муҳофаза қилиш иншоотлари ва қурилмалари бўлмаган ҳолда улардан сув олишни амалга ошириш — «фуқароларга энг кам иш ҳақининг уч бараваридан беш бараваригача, мансабдор шахсларга эса — беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади»;

Сунъий сув оқимлари (очиқ ва ёпиқ каналлар, коллектор-дренаж тармоқлари), сув ҳавзалари (сув омборлари, сел сувлари тўпланадиган жойлар, ҳовузлар ва бошқалар) ҳамда бошқа сунъий сув объектларидан олинадиган сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли қоидаларини бузиш, яъни сувдан хўжасизларча фойдаланиш, сувларнинг ва сув объектларининг ҳолатига таъсир этувчи гидротехника ишларини ва бошқа ишларни ўзбошимчалик билан бажариш, сув объектларидан белгиланган сув олиш лимитлари, сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли режаларини бузиш — «фуқароларга энг кам иш ҳақининг бир бараваридан уч бараваригача, мансабдор шахсларга эса — беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади»;

Ушбу модданинг биринчи ва иккинчи қисмларида назарда тутилган ҳуқуқбузарликлар маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, — «фуқароларга энг кам иш ҳақининг беш бараваридан етти бараваригача, мансабдор шахсларга эса — ўн бараваридан йигирма бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади»;

75-модда: Сув объектларидан олинадиган ва уларга қуйиладиган сув миқдорининг дастлабки ҳисобини юритиш ва оқиб келиб қўшилаётган сувлар сифатини аниқлаш қоидаларини бузиш, шунингдек давлат сув кадастри юритишнинг белгиланган тартибини бузиш — «мансабдор шахсларга энг кам иш ҳақининг уч бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади»;

Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, — «мансабдор шахсларга энг кам иш ҳақининг беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади»;

76-модда: Сув хўжалиги иншооотлари ва қурилмаларини шикастлантириш, — «энг кам иш ҳақининг уч бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади»;

Сув хўжалиги иншоотлари ва қурилмаларидан фойдаланиш қоидаларини бузиш — «мансабдор шахсларга энг кам иш ҳақининг етти бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади»; ўзгартирилди.

Мазкур қонуннинг қабул қилиниши фуқаролар ва мансабдор шахсларнинг атроф муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан, шу жумладан, ичимлик сувидан оқилона фойдаланиш масъулиятининг оширишга, шунингдек махсус ваколатли давлат органлари иш фаолиятини тезкор ва самарали ташкил қилишга хизмат қилади.

Мухтасар айтганда, нодавлат нотижорат ташкилотлари атроф муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги тарғиботини янада кучайтириш мамлакатимизда атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасидаги яратилган ҳуқуқий база ҳамда олиб борилаётган ислоҳотларнинг туб негизида аҳоли фаровонлигини мустаҳкамлаш, соғлигини сақлаш, аҳолига қулай ижтимоий, иқтисодий, экологик муҳит яратиш алоҳида ўрин тутади.

Диёра Шарипова

Экоҳаракат Тошкент шаҳар

ҳудудий бўлинмаси раҳбари в.б