Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилишнинг ҳуқуқий асослари

Глобал экологик муаммолар кескинлашган шароитда мамлакатимизда экологик хавфсизликни таъминлаш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, экологик муаммоларни бартараф этиш, аҳоли саломатлигини ҳимоя қилиш масалалари соҳасида бир қатор ижобий ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Ҳозирги ва келгуси авлодлар учун беғубор табиий муҳитни сақлаб қолиш, наботот ва ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш муаммоларини босқичма-босқич ва изчил ҳал этиш бўйича бир қатор ишлар қилинди.

Бу ўринда, албатта, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси фуқароларнинг қулай экологик муҳитда яшаш, табиий ресурсларга, улардан оқилона фойдаланишга бўлган ҳуқуқни мустаҳкамлади, улар давлат муҳофазасида эканлигини кафолатлади ҳамда бош қомусимизда фуқароларнинг атроф табиий муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлиш мажбурияти 50, 54, 55, 100-моддаларида белгиланганлигини ҳам алоҳида таъкидлаш лозим.

Ушбу конституциявий нормалар асосида экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш бўйича 30 дан зиёд қонунлар ва 200 яқин қонун ости ҳужжатлари қабул қилинди.

Жумладан, “Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги, “Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида”ги, “Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисида”ги, “Экологик экспертиза тўғрисида”ги, “Чиқиндилар тўғрисида”ги, “Экологик назорат тўғрисида”ги, “Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида”ги, “Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги, “Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги, “Ўрмон тўғрисида”ги, “Қайта тикланувчи энергия манбалари тўғрисида”ги ва бошқа қонунлар қабул қилиниши атроф-муҳит ва аҳоли саломатлиги муҳофаза қилишни ҳуқуқий асосларини такомиллаштиришда муҳим аҳамият касб этди.

Шунингдек, сўнгги уч йилда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Президентининг мазкур соҳага тааллуқли 10 дан ортиқ та фармон ва қарорлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 30 дан ортиқ қарорлари экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва аҳоли саломатлигини сақлашдаги ислоҳотларни самарадорлигини янада оширишга хизмат қилмоқда.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги Фармони, “2019-2028 йиллар даврида Ўзбекистон Республикасида қаттиқ маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги, “Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар соҳасида давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикасида чўлланиш ва қурғоқчиликка қарши курашиш бўйича ишлар самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикасида ичимлик суви таъминоти ва канализация тизимларини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги, “Сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорлари, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Айдар-Арнасой кўллар тизимининг биологик ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги, “Орол денгизи тубидаги суви қуриган ҳудудларда «яшил қопламалар» – ҳимоя ўрмонзорлари барпо этишни жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги, “Давлат ўрмон фондига кирмайдиган ерларда дарахтлар ва буталардан фойдаланишни тартибга солиш ва улардан фойдаланиш соҳасида рухсат бериш тартибини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги, “Табиатни муҳофаза қилишни таъминлашнинг иқтисодий механизмларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорлари шулар жумласидандир.

Шунингдек, истиқлол йилларида миллий экологик қонунчиликни ривожлантириш билан бирга атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, аҳоли саломатлигини ҳимоялаш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланишга доир халқаро шартномаларга қўшилиш борасида тизимли ишлар амалга оширилди.

Бугунги кунга қадар Ўзбекистон Республикаси атроф муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги 13 та халқаро конвенция, битимлар ва улар доирасидаги 7 та кўп томонлама халқаро шартномага қўшилди. Биохилма-хилликни муҳофаза қилиш масалалари бўйича 4 та конвенция, трансчегаравий сув ресурсларини муҳофаза қилиш ва улардан оқилона фойдаланиш тўғрисидаги 2 та конвенция, БМТнинг Иқлим ўзгариши тўғрисидаги доиравий конвенцияси ва Киото протоколи ҳамда Париж битими, Озон қатламини муҳофаза қилиш тўғрисидаги конвенция ва Монреаль протоколи, Чиқиндиларни трансчегаравий ташишни тартибга солувчи Базель конвенцияси, Турғун органик ифлослантирувчи моддалар ҳақидаги Стокгольм конвенцияси шулар жумласидандир.

Сўнгги беш йил давомида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Экологик ҳаракати депутатлар гуруҳи томонидан депуталик ташаббуси ҳуқуқи асосида ишлаб чиқилган 18 та қонун қабул қилинди. Жумладан, яхлит қонун сифатида янги таҳрирда қабул қилинган “Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида”ги, “Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги, “Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги Қонунлар “Ўрмон тўғрисида”ги ҳамда янги ишлаб чиқилган “Қайта тикланувчи энергия манбалари тўғрисида”ги Қонунларни келтириш мумкин.

Янги ишлаб чиқилаётган қонунлар ҳамда уларга киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар биринчи навбатда Ўзбекистоннинг барқарор тараққиётини таъминлаш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий, шу жумладан биологик ресурслардан оқилона фойдаланишга қаратилган иқтисодий ва экологик сиёсатни рўёбга чиқариш учун қўшимча ҳуқуқий асослар яратиш, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш масалаларини қонунчилик жиҳатидан самарали тартибга солишга, ҳуқуқни қўллаш амалиётининг самарадорлигини оширишга, қонунчиликдаги бўшлиқларни бартараф қилишга, жамоатчилик назорати тизимининг самарадорлигини оширишга қаратилган.

Экологик муносабатларни ҳуқуқий тартибга солиш нафақат Ўзбекистоннинг барқарор ривожланиши, балки экология ва аҳоли саломатлигини сақлаш билан боғлиқ долзарб муаммоларни ҳам ҳал этишга ҳамда келажак авлодларнинг мусаффо муҳитда яшаш ҳуқуқини кафолатлашга хизмат қилади.

 Х.Гаппоров

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис

Қонунчилик палатаси депутати