Ўзбекистонда оқова сувлар муаммоси: иқтисодий манфаат, экологик масъулиятдан устун…ми?

Ўзбекистонда оқова сувлар муаммоси: иқтисодий манфаат, экологик масъулиятдан устун…ми?

Чучук сув заҳиралари соат сайин камайиб бораётган бир пайтда оқава сувларни тозалаб, табиатга зарар етказмаслик, уларни қишлоқ хўжалигига ишлатиш долзарб масаладир.

Сув ҳаёт манбаи. Унинг муқобили йўқ. Марказий Осиё давлатлари, ҳусусан Ўзбекистонда  қатор экологик муаммолар сирасида  сув ва сувдан фойдаланиш муаммоси  сўнгги йилларда муҳим аҳамият касб этиб бормоқда. Иқлим ўзгариши ва йилдан-йилга сув ресурслари қисқариши шароитида мамлакатимиз сув хавфсизлигини  ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланишни таъминлаш мақсадида сув хўжалиги соҳасида муҳим стратегик ҳужжатлар имзоланган. Мустақилликнинг илк йилариданоқ  сув масалаларига эътибор қаратилиб, «Сув ва сувдан фойдаланиш  тўғрисида» ги Ўзбекистон Республикасининг қонуни қабул қилинди. Ўзбекистон Президентининг 2020 йил 10 июлдаги Фармони билан «Ўзбекистон Республикаси сув хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган концепцияси» тасдиқланди. 2023 йил 11 сентябрда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон – 2030» стратегияси тўғрисида»ги 158-сон Фармони қабул қилиниб,  Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясини амалга ошириш жараёнида орттирилган тажриба ва жамоатчилик муҳокамаси натижалари асосида ишлаб чиқилган «Ўзбекистон – 2030» стратегияси тасдиқланди. «Ўзбекистон — 2030» стратегиясининг  5 та устувор йўналишлари ичида учинчи йўналиш айнан сув ресурсларини тежаш ва атроф муҳитни муҳофаза қилишга бағишланди.

Ҳозирда республикада сув ресурсларини самарали бошқариш ва улардан оқилона фойдаланиш мақсадида суғориш тармоқларининг фойдали иш коэффициентини ошириш, гидротехник иншоотларни таъмирлаш ҳамда тиклаш, реконструкция қилиш, суғориладиган ерларнинг сув таъминотини ошириш ва мелиоратив ҳолатини яхшилаш, соҳага рақамли технологияларни жорий қилиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Шу билан бирга, сўнгги йилларда  сув танқислиги кесимида оқава сувлар ва уларни қайта тозалаш долзарблашиб бораётганлигини инобатга олсак, мазкур муаммони бартараф этиш мақсадида 2022 йили Ўзбекистон Республикасининг “Ичимлик  суви таъминоти ва оқова сувларни чиқариб юбориш тўғрисида”ги қонуни қабул қилинди. Мазкур Қонуннинг мақсади ичимлик суви таъминоти ва оқова сувларни чиқариб юбориш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.

Тошкент шаҳри мисолида оладиган бўлсак, хозирда сувни тозалаш иншоотлари бир суткада 1,64 млн кубометр оқова сувни қабул қилади аммо уларни тозалаш самарадорлиги 51% дан камдир. Сувлар Бектемир, Бузсув ва Салар аэрация иншоотларида тозаланади. Мазкур иншоатларга фақатгина аҳолининг эҳтиёжларини қондириш натижасида ишлатилган оқова сувларгина эмас, балки ишлаб чиқариш корхоналари фаолияти оқибатида ҳосил бўлган сувлар ҳам келиб тушади. Бу масалага ечим ўлароқ, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2021 йил июнь ойи охирида пойтахтнинг Янгиҳаёт, Сергели ва Бектемир туманларида оқова сувларни тозалаш учун қуввати кунига 1 миллион куб метр бўлган янги оқова сув тозалаш иншоотини қуришни таклиф қилган эди. Чунки  чучук сув заҳиралари соат сайин камайиб бораётган бир пайтда оқава сувларни тозалаб, табиатга зарар етказмаслик, уларни қишлоқ хўжалигига ишлатиш долзарб масаладир.  Инсонларнинг фаровон яшашлари учун  турли ҳил маҳсулотларга эҳтиёжлари ортаётган бир пайтда уларни ишлаб чиқаришга кетаётган сувнинг ҳам миқдори ортиши, кўплаб ишлаб чиқаришдан сўнг чиқадиган, кимёвий моддалар билан заҳарланган канализация сувларининг  бир неча тозалаш босқичларини талаб этади. Зеро, уларнинг тозаланмасдан табиатга чиқариб ташланиши экологик инқирозни кучайтириши, инсонлар ҳаёти, соғлиғига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

Бундан 15-20  йил аввал Тошкент шаҳри ҳудудидан оқиб ўтувчи каналларда чўмилиш, улардан тутилган балиқларни истемол қилиш инсон соғлигига зарарсиз деб қаралар эди. Бугун эса вазият кескин ўзгарди. Пойтахтимиз биохилмахиллигининг асосий негизи бўлган,  каналлар бўйлаб ўсган буталар, ўтлар қуриб кетмоқда, сувнинг такриби ўзгариб, унинг ҳавзаларидан озиқланган уй ҳайвонлари, парранда ва даррандаларнинг касалланиши ва сўнгида инсон хаётига жиддий хавф солиш холатлари кўплаб қайд қилинаётир.  Хўш, бу каби ачинарли вазиятларининг сабаби нимада?

Мазкур саволларга жавоб топиш мақсадида “Тошкент шаҳар сув таъминоти” АЖ ва “Ekolog” Жамоат Бирлашмаси вакиллари пойтахтда фаолият олиб бораётган 16 та тўқимачилик корхоналарининг ичимлик сувидан фойдаланиш тартиби ва шаҳар канализация тармоғига ташланаётган оқава сувларининг таркибида қандай кимёвий моддалар борлигини биргаликда ўрганди.

Ишчи гуруҳнинг илк манзили Чилознор туманидаги «TURON TEX» МЧЖ.  Корхона ҳодимлари фабрикада ишлаб турган тозалаш иншооти билан умумий таништирган бўлсаларда,  интервьюни фақат раҳбарлар бера олишини айтиб, саволларга жавоб беришдан бош тортишди. Ўтказилган сув таҳлиллари корхона томонидан очиқ сув ҳавзасига чиқариб юбораётган оқова сув таркибида заҳарли бўлган азот аммоний, 6 валентли хром, азот нитрати каби моддаларнинг миқдори анча юқорилигини кўрсатди.

Кейинги манзилимиз шу туманда жойлашган «SOF MEGA TEXTILE» бўёқ фабрикаси бўлди. Корхона раҳбари Нурали Ҳакимовнинг айтишича, тўқимачилик ташкилоти хозирда ўз фаолиятини тўлалигича тўхтатиб, Оҳангарон шаҳрида фаолиятини давом эттирмоқда экан.

2024 йил 1 март ҳолатига кўра корхона томонидан умумий 126 куб сув ишлатилиб, ҳудуддан барча бўяш ускуналари олиб чиқиб кетилди. Ҳозирда фақат хожатхона, офис, бассейнларни ювиш ва қолдик сувлари учун кичик миқдорда сув ишлатилмоқда. Таҳминан 150 куб сув ишлатилган бўлиши мумкин, ундан ошиқ эмас., дейди корхона раҳбари.

Қизиғи, Ҳакимовни корхона ҳудуди ва ташқарисидан олинган сув наъмунаси бинафша ранглиги ҳеч ажаблантирмади.  Ваҳоланки, бу корхонада ҳам азот аммоний, 6 валентли хром, ёғлар моддаларнинг миқдори белгиланган меъёрлардан анча юқори экан.  Берилган саволларга эса, корхона раҳбари аниқ жавоб бера олмади.

Чилонзор тумани  «Class Tex Product»  корхонаси ходимларининг  тозаликка катта эътибор бериши, сувни қайта тозалаш иншоати ҳудудининг тозалиги, кўкаламзорлаштирилганлиги инсоннинг кайфиятини анча кўтарди. Бироқ, цехнинг сув тармоғига чиқариш ҳуқуқини берувчи коммунал экологик меъёрлар (КЭН) мавжуд эмаслиги дилни  шу заҳотиёқ хира қилди. Изланишларимиз шуни кўрсатдики, бу каби муаммолар SOF MEGA TEXTILE», «Gavhar tex», «Class Tex Product», «FAYZ TEXTILE GROUP», «Ostex color», «Kompaniya yuniteks» ва»Blue Moda» каби тўқимачилик корхоналарида ҳам мавжуд экан. Эътиборлиси, «SOF MEGA TEXTILE» ва «FAYZ TEXTILE GROUP» МЧЖилариди КЭН нафақат ишлаб чиқилмаган, балки улар MODERN QUILL», «Blue Moda», «STAMPA TEXTILE», “TASHTIB-TEX» ва »Best Color Tex» бўёқ билан шуғулланувчи ташкилотлар қатори умумий оқава сув тармоғига кўк-қизил рангдаги сувни ҳам ташлаётганликлари аниқланди.

Бу ўз навбатида тўқимачилик корхоналари раҳбарлари томонидан “Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни 26, 35-моддаси, Вазирлар Маҳкамасининг “Коммунал хўжалиги тизимида табиатни муҳофаза қилиш фаолиятини яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 2010 йил  3 февралдаги 11-сон қарор талаблари бузаётганлигидан далолатдир. Мазкур сувларда атроф-муҳит ва инсон ҳаёти учун хавфли бўлган моддалар миқдори юқори эканлиги, ушбу текстиль фабрика эгаларининг нақадар  Экологик Корпоратив Ижтимоий Маъсулиятсиз эканлигини кўрсатмоқда.

Гуруҳимиз шаҳардан чиқиб кетаётган сувнинг тақдирини билиш мақсадида, Бўзсув сувни тозалаш иншоотига ташриф буюрди. Тасодифни қарангки, бино олдида маҳаллий аҳоли  ўз норозичилигини билдираётганлиги устидан чиқиб қолдик. Улар сув тозалаш ҳудудидан чиқаётган, чидаб бўлмас даражадагт сассиқ-қўланса ҳиддан шикоят қилишмоқда эди.

 

-Мен шу маҳаллада 20 йилдан бери истиқомат қиламан. Пашша, чивин, оқова сувларининг ҳидидан уйимда ўтириб бўлмай қолдик.  Бунинг устига юрагим сиқилиб, нафас олишим қийинлашади, дейди  Ҳадича Каримова.

– 730 минг куб сувни қайта ишлашга мўлжалланган Бўзсув сувни тозалаш иншоатимиз ҳозирги кунда кунига 650 минг куб сувни қабул қилади. Тозалаш жараёни классик биологик – микроорганизмлар усулга асосланган бўлиб, фақатгина аҳоли уйларидан чиқаётган оқова сувларини тозалашга мўлжалланган, дейди Бўзсув сув тозалаш иншоати (БСТИ) бошлиғи Жамшид Зуфаров.

Казибеков Дўнонбой, «Тошкент шаҳар сув таъминоти» Бош технологи, олинган сув таҳлил натижаларига изоҳ берар экан, унинг аҳоли соғлигига нақадар ёмон таъсир қилишини ҳам таъкидлаб ўтди: “Тошкент шаҳридаги 8 та текстиль комбинатиларининг оқова сувлари Бўзсув сув тозалаш иншоатига оқизилади. Зилол текстиль, Кўкча текстиль каби йирик ишлаб чиқарувчилар матони бўяш учун катта хажмдаги сувдан фойдаланади. Афсуски, ишлаб чиқариш процессидан чиққан тўқ рангдаги сув локал тазрда кимёвий тозалашдан ўтказилмай, таркибида ўта зарарли-заҳарли бўлган 6 валентли Хром, хлорид каби моддалар умумий шаҳар канализация тизимига ташланади. Бизнинг тизим эса биологик тозалашга мўлжалланган бўлиб, бу инсон хаётига ҳавфли бўлган кимёвий моддаларни зарарлантиришга ожизлик қилади. Натижада, истеъмолга яроқсиз оби-ҳаёт очиқ сув хавзаларидаги жониворлар, мол-қўйлар ва инсон саломатлига салбий таъсир қилади, гепатит касаллиги, дизентерия каби оғир касалликларни қўзғашга сабаб бўлади.

 

Мутаҳассиснинг фикрича, тўқимачилик корхоналаридаги оқава сувларда оқартиргичлар, оғир металлар, сирт фаол моддалар ва бошқа токсик компонентлар каби зарарли кимёвий моддаларнинг кенг доираси мавжуд. Бу моддалар очиқ сув ҳавзаларига ташланса, экотизимга салбий таъсир кўрсатиб, сув сифатини ёмонлаштиради, одамлар ва ҳайвонларнинг соғлиғига путур етказади ва узоқ муддатли экологик оқибатларга олиб келади. Хўш, унда бу муаммоларнинг ечими нимада?

-Корхона ва ташкилотлардан чиқаётган оқова сувлари эса аввал ўзларининг бирламчи (локал) иншоатларида тозаланиши керак. Масалан, тўқимачилик корхоналари ташлаётган ранги сувлар таркибида 6 валентли хром моддаси мавжуд бўлиб, иншоатдаги микроорганизмларни ўлдиради, бу эса биологик тозалаш имкониятларни кескин пасайтиради. Дам олиш, байрам кунларидан ташқари, фабрикалар тинмай ишланганлиги сабабли, иншоотимиз кеча-ю кундуз катта хажмдаги рангли сувларни қабул қилиши сувнинг сифатига салбий таъсир кўрсатмоқда. Маҳаллий аҳоли ҳам бундан норози бўлиши табиий. Чунки, биздан ташқарига тўлиқ тозаланмаган,  рангли сув чиқиб кетади. Бу сувни на қишлоқ хўжалигида, на балиқчилик хўжалигида ишлатиб бўлмайди, давом этди Бўзсув тозалаш иншооти раҳбари.

 

Шу билан ижобий ўзгаришларни айтиб ўтишимиз зарур. Масалан, «ZELAL TEKSTIL» катта миқдордаги сувни  МЧЖ” 5 млрд. сўмдан ошиқ сармоя ҳисобига, замонавий ускуналарни ўрнатиб, тозалаш иншоатини ишга туширишга тайёргарчилик кўрмоқда.

-Ушбу қўрилма газгенератор, фильтр, ва қуёш панеллари ёрдамида, эскирган биологик тозалаш иншоатидан фарқли ўлароқ, сувни кимёвий усулда сув тозалайди. Унинг афзаллиги сувни бутунлай рангдан, кимёвий моддалардан тозалаб, атроф-муҳитга салбий таъсир қилмайди, дейди корхонанинг исмини ошкор этишни истамаган ҳодими.

Сергели туманида жойлашган «SAFF TEXTILE» бўёқ фабрикасида ҳам, қизғин синов ишлари кетмоқда. Ёлланган ҳусусий фирма, янги услубдаги сув тозалаш усулини моделлаштириб, сувнинг кўпик қисмини тозалаб олиш услубини намойиш этаётган экан.

Демак, ҳаракат қилинса  экологик вазиятни ўзгартирса бўлар экан.

Казибеков, Ўзбекистонда экологик ҳолатни яхшилаш мақсадида Тошкент вилояти Қуйичирчиқ тумани “Сурум” МФЙ ҳудудида 1,5 млн м3 /cут янги оқава сув тозалаш қувватига эга бўлган иншоот қурилиши Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 11 ноябрдаги “Тошкент шахар таркибида Янгихаёт туманини ташкил этиш чора – тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ–4888 – сонли қарори чиққанини айтиб берди.

Умид қиламизки, бундай иншоатлар ҳар бир аҳоли пунктларда қурилади. Зеро, сувга бўлган муносабатимиз ўзгармас экан,  “ўзимиз ўтирган шохга” болта ураверамиз.

Шуни ҳам айтиб ўтиш керакки, тадбир сўнгида бир неча саволлар жавобсиз қолиб кетди. Масалан:

  1. Нима учун корхоналаридан чиқаётган оқоваларнинг оқова сув тармоғига чиқариш ҳуқуқини берувчи коммунал экологик нормативлар мавжуд эмас?
  2. Ўзбекистонда тўқимачилик корхоналарининг фаолияти билан , уларнинг экологик маъсулияти қай даража эканлигини билиш танишиш жуда қийин масала ва журналист ҳаёти учун хавфли бўлиб қолмоқда. “Ekolog” ЖБининг вакили, Авазхон Ҳайдаров «ZELAL TEKSTIL» корхонасини ташқаридан видеосуратга олишига тўсқинлик қилиб, қўпол муомалада “рухсат” талаб қилинганига қандай изоҳ берса бўлади?
  3. Нима учун Экология атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ходимлари, (Тошкент шаҳар бошқармаси вакиллари имкон қадар бу тадбирда амалий ёрдамларини кўрсатган бўлсаларда), марказий аппарат медиа ҳодимлари биргаликда олинган видео, фото материалларни бир неча мурожаатлардан кейин ҳам тақдим этмадилар? Аҳир бу масалалар биргаликда ҳам этилиши керак эмасми?

Тозаланмаган ёки  етарли даражада тозаланмаган оқава сувларнинг сув ҳавзаларига ташланиши сув тизимларининг ўзини ўзи тозалаш каби табиий жараёнларини бузади ва биосферада заҳарли моддаларнинг тўпланишига олиб келади. Экологик мувозанат бузилади, бу сув жониворларинингт  нобуд бўлиши, биологик хилма-хилликнинг камайиши ва ичимлик суви сифатининг ёмонлашувида намоён бўлади. Тадбиркорларимизда экологик ижтимоий масъулиятнинг етишмаслиги, афсуски атроф муҳитнинг, хусусан  сув ресурсларининг ифлосланишига олиб келмоқда. Шу ўринда савол туғилади, қачонгача тадбиркороар иқтисодий манфаатни экологик ижтимоий масъулиятдан устун қўйишади? Атроф -муҳитни ифлослантириб, аҳолининг экологик тоза муҳитда яшашига тўсқинлик қилишади?

Авазхон Ҳайдаров,
Наргис Қосимова.